Ҳукуматнинг 12 майдаги «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [255-сонли] қарори қабул қилинди. Бу ҳақда адлия вазирлиги хабар берди.

Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш (кешбэк олиш) тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Эндиликда Ўзбекистон ва чет давлатлар фуқароларига ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг 1 фоизи уларнинг фискал белгили чеклари Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган тақдирда қайтарилади. Чек рўйхатдан ўтказилганда жисмоний шахсларнинг банк картаси рақами кўрсатилади.

Қуйидаги чеклар солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилмайди:

  • берилган кундан бошлаб 10 кун ўтган чеклар;
  • аввал рўйхатдан ўтказилган ёки сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисми қайтарилган чеклар;
  • автомобиль, ҳаво ва темир йўл чипталарини сотиб олиш натижасида олинган, шунингдек, алоқа ва коммунал хизматлар учун амалга оширилган тўлов чеклари;
  • шубҳали харидорлар реестрига киритилган жисмоний шахслар чеклари.

Қайтариб олинган 1% кешбэк жисмоний шахснинг жами даромадига киритилмайди.

Шунингдек, қарор билан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида солиқ органларини хабардор қилганларга пул мукофотини тўлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, мобил илова орқали қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

  • содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик тури;
  • солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган хўжалик юритувчи субъект жойлашган жой.

Ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришда жисмоний шахс иловада мобил телефон ҳамда банк картаси рақамларини кўрсатади. Солиқ ҳуқуқбузарликлари учун белгиланган жарималарнинг 20 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

Мукофот пули қуйидаги ҳоллар кузатилса берилади:

  • онлайн назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартиби бузилганлиги;
  • нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархлар сунъий равишда оширилганлиги ёки пасайтирилганлиги;
  • тадбиркорлик фаолияти давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширилганлиги;
  • идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги;
  • савдо ва хизматлар кўрсатиш қоидаларининг бузилиши аниқланган бошқа ҳолатлар.

Эслатиб ўтамиз, 1 январдан бошлаб харид чекини «Soliq» мобил иловасидан рўйхатдан ўтказган фуқароларга харид суммасининг 1 фоизи қайтарилиши йўлга қўйилди. «Газета.uz» мазкур илова орқали фуқаролар қандай қилиб кешбэкни қайтариб олиши мумкинлиги ҳақида қўлланма тайёрлади.