Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорликда WikiStipendiya марафонини йўлга қўйди, деб хабар қилди АОКА матбуот хизмати.

Ўзбек тилидаги Wikipedia муҳаррирлари WikiStipendiya марафонида қатнашишлари ва пул мукофотларини қўлга киритишлари мумкин.

Лойиҳа интернет тармоғида ўзбек тилидаги сифатли маълумотларни кўпайтириш ва иқтидорли талабаларни муносиб рағбатлантиришга қаратилган.

Марафон 20 майдан 20 декабрга қадар давом этади. Унда энг фаол қатнашган иштирокчилар қуйида кўрсатилган қийматдаги бир марталик стипендия билан тақдирланади:

  • биринчи ўрин учун — 50 миллион сўм;
  • иккинчи ўрин учун — 40 миллион сўм;
  • учинчи ўрин учун — 30 миллион сўм;
  • кучли бешталик — 20 миллион сўм;
  • кучли ўнталик — 10 млн сўм.

Spot.uz`нинг ёзишича, марафонда мустақил равишда мақола ёзиш ва бошқа тиллардаги материалларни таржима қилишга ҳам рухсат берилади. Табиий фанлар, география, муҳандислик ва технология, ижтимоий фанлар, фалсафа, тарих, маданият ва санъат, шунингдек, ўйинлар ва спорт устувор йўналишлар ҳисобланади.

Лойиҳада 15 ёшдан ошган ҳар ким иштирок этиши мумкин. Бунинг учун @Wikistipendiya_bot марафон Telegram-ботида рўйхатдан ўтиш керак.

Танлов ташкилотчилари иштирокчиларнинг ишини баҳолайди. WikiStipendiya ҳар ой энг яхши муҳаррирлар рейтингини эълон қилади.

Батафсил маълумотни WikiStipendiya Telegram-каналида, шунингдек, лойиҳанинг Youtube`даги матбуот анжуманидан олиш мумкин.

Лойиҳа ташкилотчиларига кўра, Википедиянинг ўзбекча бўлими 2003 йилнинг декабрида очилган. Айни пайтда у ерда 139,7 мингдан ортиқ мақола чоп этилган, унда 259 та фаол муҳаррир, 15 та администратор бор. Апрель ойида ўзбекча Википедия саҳифалари 14,65 миллиондан ортиқ кўрилди (8 миллионга яқин кўриш Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келмоқда).