Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Туризм ва маданий мерос вазирлигига маданий мерос объектларига етказилган катта миқдордаги моддий зарар юзасидан тақдимнома киритди. Бу ҳақда агентликнинг матбуот хизмати хабар берди.

Агентлик жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида Тошкент вилоятидаги «Култепа», Бухоро вилоятидаги «Вардонзе ёдгорлиги» ва Тошкент шаҳридаги «Қулоқтепа (Қулоқлитепа)» археология мероси объектларининг муҳофаза қилиниши, сақланиши ва улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя этилиши ҳолатларини ўрганган.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 31 декабрдаги 1179-сонли қарори билан фуқаро Б.Инағомовга Юнусобод туманидаги «Қулоқтепа (Қулоқлитепа)» археология мероси объектининг муҳофаза ҳудудидан «оталар чойхонаси» қуриш учун 0,06 га ер майдони ажратиб берилган. Натижада давлат манфаатларига 6,5 млрд сўм зарар етказилган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Паркент тумани собиқ ҳокими «Култепа» археология ёдгорлиги ҳудудини қарор асосида тадбиркорлик субъектига бериб юборганлиги ҳақида хабар берилган эди. Тадбиркор томонидан объектнинг 2 гектар қисми ғишт қуйиш учун бузилиб, давлат манфаатларига 1 трлн 587,6 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.

Бундан ташқари, Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги «Вардонзе ёдгорлиги» археология мероси объектининг муҳофаза ҳудуди туман ҳокимининг қарори билан 124 гектардан 76 гектарга қисқартирилиб, тумандаги «Тўймурод Холмурод ўғли» фермер хўжалигига яйлов сифатида бериб юборилганлиги маълум қилинган эди. Фермер хўжалиги мансабдор шахслари археология объекти муҳофаза ҳудудида ер қазиш, ер тузиш, экин экиш ва мелиорация ишларини амалга оширганлиги оқибатида унинг маданий қатлами бузилиб, саксовул ўсимликлари ва тарихий ашёлар нобуд бўлган ҳамда давлат манфаатларига 26,7 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.

«Ушбу археология мероси объектларига мансабдор шахслар томонидан жиддий шикаст етказилганлиги ҳолатлари бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда прокуратура идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади маълумотда.

Шу билан биргаликда, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш бўйича етарли чоралар кўрилмаганлиги туфайли ҳозирда «Култепа» археология объектининг ярми йўқ бўлган. «Вардонзе ёдгорлиги» ва «Қулоқтепа» археология объектларининг муҳофаза ҳудуди бузилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил сентябраги [265-сон] қарори билан тасдиқланган Низом талабларига зид равишда маданий мерос объектларини муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида «Қулоқтепа» археология объектига жамоатчи инспектор бириктирилмаган.

Шунингдек, «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси талабларига зид равишда «Қулоқтепа» ва «Култепа» археология мероси объектларида муҳофаза белгилари ўрнатилмаган ва уларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган.

Ушбу Қонуннинг 17−18-моддалари талабларидан келиб чиқиб, уларнинг муҳофаза ҳудуд (тегра)лари белгилаб қўйилмаган, кўрикдан ўтказилмаган ва жорий ҳолати қайд қилиб қўйилмаган.

Қайд этилган қонун бузилиш ҳолатларининг келиб чиқишига Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан соҳавий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси таъминланмагани ва етарли назорат ўрнатилмагани сабаб бўлган, дейилади Антикоррупция агентилиги хабарида.

Агентлик коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан ташкилий ва амалий чора-тадбирлар белгилашни сўраб, Туризм ва маданий мерос вазирлигига тақдимнома киритган.