«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнларида янгича ёндашувни амалга ошириш, молиявий соғломлаштириш бўйича дебитор қарздорликларни ундиришга доир масалалар муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Йиғилишда Меҳриддин Абдуллаев раиснинг иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Ашуров ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини маълум қилди. Унинг вазифаси вақтинчалик Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаменти бошлиғи Иқбол Обидовга юклатилди.


«Ўзбекнефтгаз» раҳбари имкониятлари даражасида жамият манфаатларини ўйламаётгани, сўнгги икки ҳафтада кўплаб вазифалар бажарилмагани, «Ҳудудгазтаъминот», «Ўзтрансгаз» ва ҳамкор банклар билан алоқаларда сусткашликка йўл қўйгани учун ўзининг ўринбосарлари фаолиятини танқид қилди.

Бундан ташқари, Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти ҳозирда қониқарсиз аҳволга келиб қолгани сабабли, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида кечиктириб бўлмас чоралар кўрилиши таъкидланган ҳамда бошқарма бошлиғи фаолияти танқидий ўрганиб чиқилиши бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, дебитор қарздорликларни бартараф этиш баробарида, бурғилаш, капитал таъмирлаш, табиий газ қудуқлари фаолиятини тўла таъминлаш борасидаги ишлар биринчи навбатда молиялаштирилиши бўйича вазифалар белгилаб берилди.