12 май куни соат тахминан 03:00да Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Бунёдкор шоҳ кўчасида Spark русумли автомашина йўл ўртасидаги устунга бориб урилди.

Тошкент шаҳар ИИББнинг хабар беришича, 1999 йилда туғилган У.М. тезликни ошириши натижасида бошқарувни йўқотган. У шу жойнинг ўзида оғир тан жароҳати олиб ҳаётдан кўз юмган.

1995 йилда туғилган йўловчи К.Ш. оғир тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. У тиббий муассасада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига ва бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Бунёдкор шоҳ кўчаси Тошкент шаҳридаги энг хавфли кўчалардан бири ҳисобланади. Бу кўчада мунтазам равишда тезликни ошириш оқибатида хавфли ҳолатлар кузатилади.