Энди масофавий электрон тўловлар учун ҳам харидлардан 1% миқдорида кешбэк тўланади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Буларга Click, Payme, Oson, Apelsin, Paynet, ATTO ва бошқа хизматлар, банк хизматлари (жумладан, мобил иловалар) ва marketplace`лар (онлайн дўконлар) орқали тўловлар киради.

Ушбу хизматларнинг солиқ органлари тизимлари билан интеграциялашуви туфайли тўлов тизимлари орқали тўловларни амалга оширишда QR-кодли чек ҳосил бўлади. Агар истеъмолчи кешбэк тизимида рўйхатдан ўтган бўлса, харид суммасининг 1 фоизи Soliq мобил иловасининг шахсий кабинетида автоматик тарзда акс эттирилади.

Шунингдек, кешбэкни олиш учун электрон чекдаги QR кодни сканерлаш мумкин.

Қўмитанинг эслатиб ўтишича, автомобиллар, ҳаво ва темир йўл чипталарини харид қилиш, коммунал ва алоқа хизматлари учун тўловларни амалга оширишда кешбэк тўланмайди.

Давлат солиқ қўмитаси истеъмолчиларга март ойида 22,7 миллиард сўмлик, йил бошидан бери эса 72,3 миллиард сўмлик кешбэк тўлаб берди.