28 март куни Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари бўлган 150 дан ортиқ қизлар учта ультразамонавий нано сунъий йўлдошни стратосферага учирдилар. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Улар UniSat (Uni — UNICEF (БМТ Болалар Жамғармаси ЮНИCЕФдан қисқартма, Sat — satellite (sat — сунъий йўлдош)) таълим дастури иштирокчиларидир.

Фото: ЮНИCЕФ

Нано сунъий йўлдошлар вазни 10 кг дан ошмайдиган кичик космик кемалар синфига мансуб бўлиб, бир нечта камералар билан жиҳозланган. Мазкур камераларнинг ҳар бири 4К тиниқликда Ернинг эллиптик тасвирини олиш имкониятига эга. UniSat нано сунъий йўлдошлари учирилиш вақтида Ер ва коинотнинг юқори аниқликдаги суратларини олиш имконини беради. Датчиклар радиация, босим, гравитация, ёруғлик ва газ таркиби ҳақидаги маълумотларни тўплайди ва катта ҳажмдаги маълумотлар, видео ва тасвирларни таҳлил қилиш учун Ерга юборади.


ЮНИСЕФнинг Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари Артур ван Дизеннинг таъкидлашича, ушбу парвоз рамзий маънога эга. У Марказий Осиё қизлари ва аёлларининг чексиз салоҳиятини, уларнинг фан ва техника чегараларини кенгайтиришдаги имкониятларини намойиш этади.

«Бу йил дастуримизга уч мамлакатдан жами 2000 иштирокчини қамраб олишга муваффақ бўлганимиздан ва уларни фан, техника, муҳандислик ва математика йўналишларида ўз таълим ва касбий фаолиятларини давом эттиришга илҳомлантира олганимиздан бағоят мамнунмиз. Биз UniSat дастури натижалари жамиятда космик ўзгаришларга эришишига ишонамиз», — деди у.

Нано сунъий йўлдошлар қизлар томонидан Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университетида 10 кунлик марафон доирасида яратилган. UniSat иштирокчилари космик кемаларни режалаштириш, лойиҳалаш, дастурлаш ва йиғишни ўзлаштирдилар. Улар космик технологиялар ва Ерни масофадан туриб зондлаш марказига ташриф буюриш имкониятига эга бўлишди. Қизларнинг олган назарий билимлари дарҳол амалиётга татбиқ этилди. Устозлари раҳбарлигида улар 3Д моделлаштириш ёрдамида нано сунъий йўлдошлар корпусларини лойиҳалаштирдилар ва уларни 3Д принтерда яратдилар. Шунингдек, улар UniSat нано сунъий йўлдошларининг қуйи тизимларини дастурлаб, учиришдан олдин уларни лабораторияда синовдан ўтказдилар.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаденинг қайд этишича, «дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам турли сабабларга кўра ўғил болалар ва қизлар ўртасида компьютер саводхонлиги, техник таълим ва касбий фаолият бўйича сезиларли фарқ сақланиб қолмоқда. UniSat таълим дастури ана шу тафовутни камайтиришга, қизлар тегишли фан ва технология кўникмаларини эгаллашларига қаратилган».

UniSat — БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университетининг таълим дастури. UniSat дастурининг мақсади қизларнинг нано сунъий йўлдош қуриш бўйича билим ва малакаларини ривожлантириш, шунингдек, жамоада ишлаш, нотиқлик, вақтни бошқариш ва ижодкорлик каби кўникмаларини такомиллаштиришдан иборат. UniSat дастури БААда жойлашган Dubai Cares фуқаролик жамияти ташкилоти, Clé de Peau Beauté бренди ва филантроп Назанин Алакиа хоним кўмагида амалга оширилмоқда.