«Ўзбеккосмос» агентлиги Буюк Британиянинг Dialogue Events компанияси билан биргаликда 10−11 май кунлари Тошкентда Марказий Евроосиё минтақасида биринчи Space Technology Conference STC-2022 конференциясини ўтказади, деб хабар қилди агентлик «Газета.uz»га.

Анжуман «Космик технологиялар ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги ўрни» мавзусига бағишланади.

Халқаро конференцияда қуйидаги вакиллар иштирок этиши кутилмоқда:

• Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигининг Аэрокосмик қўмитаси;

• Туркия космик агентлиги (TUA);

• Озарбайжон космик агентлиги (Azercosmos);

• БАА космик агентлиги,

• Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги алоқа соҳасида тартибга солиш ва назорат қилиш хизматлари;

• БМТнинг Космос масалалари бошқармаси (UNOOSA);

• БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси;

Космик фаолият соҳасидаги етакчи компаниялар: Maxar (АҚШ), SpaceX (АҚШ), Airbus (Франция), Planet (АҚШ), SSI Monaco (Монако), SES (Люксембург), Viasat (АҚШ), OneWeb (Буюк Британия), ESRI (АҚШ), Satellogic (АҚШ), Gilat (Исроил), HEAD (Хитой), TurkSAT (Туркия), NEC (Япония), Leonardo S.P.A. (Италия), Ghalam (Қозоғистон), Aviators (БАА).

Анжуман доирасида «Барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун космик технологияларни қўллаш», «Йўлдош алоқаси: ҳукумат, бизнес, истеъмолчи», «Барқарор ривожланишда Ерни масофадан туриб зондлаш технологияларининг ўрни», «Учувчисиз учиш аппаратлари: саноат ва тижоратлаштириш» каби мавзуларда сессиялар ўтказилади.