3 май куни соат 10:00 ларда, Навоий вилояти, Қизилтепа тумани ҳудудидан ўтувчи 4R-65 автомобиль йўлининг 23−24-километрлари оралиғида «Yutong» русумли автобус йўл четига ағдарилган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХХ матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 1973 йилда туғилган К.Ў. «эҳтиётсизлиги оқибатида руль бошқарувини йўқотган» ва автобус йўл четига ағдарилган. ЙТҲ натижасида 5 нафар йўловчилар тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Дарёнинг вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ўктам Усмоновга таяниб ёзишича, автобусда жами 25 нафар йўловчи бўлган.


Ушбу ЙТҲ юзасидан Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.