Президент Шавкат Мирзиёев 6 май куни бўлиб ўтган йиғилишда электротехника маҳсулотлари экспортини жорий йилда 700 млн долларга, 2023 йилда эса 1 млрд долларга етказиш бўйича топшириқ берди, деб хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Мисол учун, биргина қўшни давлатлар йилига ўзимизда ишлаб чиқариш мумкин бўлган 6 миллиард долларлик электротехника маҳсулотларини импорт қилади. Лекин, ушбу давлатлар импортида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар улуши 5 фоизга ҳам етмайди», — деди президент.

Экспортни ошириш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш тизимини маиший техника мисолида йўлга қўйиш топширилди.

Шунингдек, тайёр маҳсулот экспортини кенгайтириш учун Электротехника жамғармасига 20 млрд сўм ажратилиши белгиланди.

Ички бозорга сифатсиз ва ноқонуний электротехника маҳсулотлари кириб келишининг олдини олиш мақсадида, эски трансформаторларнинг импортига чек қўйишни, маиший техникалар маркировкаси тизимини жорий этишни қатъий назоратга олиш вазифаси қўйилди.

Президент жорий йилда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни камида 20 фоизга ошириш вазифасини қўйди.

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси янги лойиҳалар бўйича тинимсиз изланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, 2021 йилда ўзимизда ишлаб чиқариш мумкин бўлган 1,3 млрд долларлик электротехника маҳсулотлари импорт қилинган, деди Шавкат Мирзиёев. Жорий йилда 500 минг хонадон ичимлик суви билан таъминланади. Бу уларга сув иситиш қозони ва қуёш коллекторлари, сув ҳисоблагичлари кераклигини англатади. Тошкент ва Наманганда ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни бошлашга кўрсатма берилди.

Жорий йилда 250 млн долларлик 86 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Лекин бу етарли эмаслиги қайд этилди.

«Жиззахда 1 та, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Сурхондарёда 2 тадан, Бухоро, Наманган ва Хоразмда 3 тадан лойиҳани ишга тушириш бўйича режалар мени қониқтирмайди. Ҳар бир вилоят ҳокимида камида 100 миллион долларлик янги электротехника лойиҳалари бўлиши шарт», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда мутасаддиларга яна 1,5 млрд долларлик янги лойиҳалар рўйхатини шакллантириш, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳокимларига Тошкент шаҳридаги «Технопарк» каби электротехника кластерларини йўлга қўйиш топширилди.

Бундан ташқари, мисни қайта ишлашни жорий йилда 37 фоиздан 50 фоизга, 2026 йилда эса 70 фоизга етказиш мақсади белгиланди. Бунинг учун Оҳангарон туманидаги янги мис кластерида 168 млн долларлик 12 та лойиҳа доирасида яна 90 минг тонна мисни қайта ишлайдиган қувватлар яратилиши кутилмоқда.

Ўз навбатида, электротехника тармоғида изланиш ва ривожлантириш (R&D) бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши режалаштирилган.

Маълум қилинишича, йил охирига қадар «Электроаппарат» (муқобил энергетика ва кучланиш ускуналари бўйича изланишлар), «Технопарк» (мураккаб қолиплар), Artel (маиший техника янги моделлари), Uzkabel (янги изоляция материаллари ва кабель) компаниялари негизида 4 та R&D маркази ташкил этилади. Ушбу марказларга малакали хорижий ва маҳаллий мутахассислар жалб қилиниши режалаштирилган. Марказлар учун Инновация жамғармасидан 10 миллиард сўм грантлар ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг март ойида Artel қошида Илмий-тадқиқот ва ишланмалар (R&D) маркази ташкил этилган эди.

Бундан ташқари, илмий-тадқиқот марказлари уч йил давомида ҳисобланган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммасининг атиги 1 фоизини тўлайди. Молия вазирлигига улар учун 1 фоиз ставкада ижтимоий солиқ ставкасини белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритиш топширилди.

Етакчи хорижий компанияларни жалб қилиб, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ҳузурида Лойиҳалаш ва инжиниринг марказини ташкил этиш вазифаси қўйилди.