Тошкент вилоятида жойлашган «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлигининг 2 гектар майдонида тадбиркор хом ғишт ишлаб чиқараётгани аниқланди. Бу Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганишларда аниқланди.

Паркент тумани Истиқбол маҳалласидаги «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони 2018 йил 28 сентябрда Паркент тумани ҳокимлиги томонидан қонун талабларига зид равишда аукцион савдолари орқали «U.Q.B» МЧЖга хом ғишт ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун бериб юборилган.

Мазкур археология ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги [846-сон] қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Объект Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.

2020 йилга келиб, ёдгорлик еридан фойдаланиб келаётган тадбиркор уни қонунчилик талабларига зид равишда «U.M.P.» МЧЖга сотиб юборган. Ушбу тадбиркор ҳам объектда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Мазкур цехга тупроқ маҳсулотини етказиб бериш мажбуриятини «U.Q.B» МЧЖ ўз зиммасига олган. Тупроқ эса, ушбу археология иншооти ҳудудидан қазиб олинган.

Тошкент вилояти моддий мерос бошқармаси 2020 йилда етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш, мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш, туман ҳокимининг қарори ва олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мутасадди идораларга мурожаат қилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига огоҳлантириш хатлари ҳам берилган.

Бироқ, МЧЖ фаолиятини тўхтатмаган. Шундан сўнг, Миллий археология маркази мутахассислари эса объектни эрамизнинг I-IV асрларига оид кўчманчи чорвадорларга тегишли қабристон ёдгорлиги эканлигини аниқлаган. «Жамият мансабдор шахслари томонидан „Тепа (Култепа)“ археология ёдгорлиги худудида хом ғишт ишлаб чиқариш ва қазилма ишлари олиб борилиши натижасида маданий мерос объектига 1,5 трлн сўм миқдорида моддий зарар етказилган», — дейилади хабарда.

Шундан сўнг, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўпланган материалларни Бош прокуратурага юборган.

2021 йил декабрь ойида Тошкент вилоят прокуратураси «U.M.P.» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 32-моддаси 2-қисми, 205-моддаси 2-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда давлат ёки жамоат манфаатларига зарар ёхуд жиддий зиён етказиш) ва 207-моддаси 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.