Бухоро вилояти Шофиркон туманида тадбиркор «Вардонзе қўрғони» археология ёдгорлигининг муҳофаза ҳудудини оғир техника ёрдамида суриб, экин эккани маълум бўлди.

Объектга зарар етказилаётгани ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат келиб тушган ва шу асосда Миллий археология маркази, Маданий мерос агентлиги ва бошқа мутасадди идоралар ўрганиб чиққан.

Аниқланишича, туман ҳокимлигининг 2013 йилдаги қарорига асосан объектнинг ер майдони ва муҳофаза ҳудуди 124 гектарни ташкил қилган. Аммо, 2015 йилда ҳокимлик қонунчиликка зид равишда, тегишли идораларнинг хулосаларисиз объект ҳудудини 76 гектар этиб белгилаган.

Шунингдек, қисқартирилган ер майдони «Тўймурод Холмурод ўғли» фермер хўжалигига яйлов сифатида фойдаланиш учун берилган, бироқ амалда фермер уни экин майдонига айлантириб юборган.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Хўжалик раҳбари А.Қ. объектнинг муҳофаза ҳудудини оғир техника ёрдамида суриб, ер қазиган, экин экиб мелиорация қилган. Ариқ қазиб, фермер хўжалиги ер майдонини археология объекти муҳофаза майдони ҳисобидан кенгайтирган.

«Бироқ, бунда тегишли идораларнинг хулосаларини олмаган. Натижада Рабод қисми маданий қатлами йўқолган ва ҳудуддаги саксовул дарахтларининг нобуд бўлган. Шунингдек, ер қаърида сақланиб келаётган қадимги тарихий топилмалар йўқотилган. Натижада 1800 квадрат метр ерга шикаст етказилган, бунинг оқибатида давлат манфаатларига 26 млрд 730 млн сўмлик зарар етган», — дейилади хабарда.

Агентлик томонидан тўпланган ҳужжатлар асосида ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят Кодексининг 132-моддаси 2-қисми (моддий маданий мерос объектларига шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу моддада БҲМнинг 300−500 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Жиноят иши дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Бухоро вилоят прокуратурасига юборилди, дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, IV-ХV acpларга оид ушбу объект давлат муҳофазасида бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сон қарори билан тасдиқланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий Рўйхатида 603-рақам билан моддий маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-4038-сон қарорининг 11-бандига кўра, объектни Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича 2021 йил 4 октябрда ЮНЕСКОга таклиф киритилган.