Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 5 май куни тунги пайт ёғган кучли ёмғир Ўрта ариқ каналида сув миқдорининг меъёридан ошиб кетиши ва тошиб кетишига олиб келди, деб хабар қилди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Натижада «Мустақилликнинг 22 йиллиги» МФЙдаги «Тоштепа» қишлоғида 40 га яқин уй ва томорқа ерлари, «Деҳкон» маҳалласида 15 та томорқа ерлари сув остида қолган.

Узун тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

«Тоштепа» қишлоғидаги 40 та хонадондан 230 нафардан ортиқ фуқаро туманда жойлашган 19-сонли умумтаълим мактабига вақтинчалик кўчириб ўтказилган.

Узун тумани ҳокимлиги берган маълумотларга кўра, кучли ёғингарчилик бошқа маҳаллаларга ҳам зарар етказган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Узун тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳозирда кучли ёғингарчиликдан сўнг йўлларда йиғилиб қолган қум-шағал ва лойқаларни тозалаш ишлари махсус муҳандислик техникалари ёрдамида амалга оширилмоқда.

Узун тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Сўнгги пайтларда вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари сингари сел ва сув тошқинлари кузатилди.