2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 35,4 млн кишини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 738,3 минг кишига ёки 2,1 фоизга ўсди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг мамлакатдаги демографик вазият тўғрисидаги ҳисоботида айтилади.

Йил бошида аҳоли сони 35,27 млн кишини ташкил этган бўлса, уч ойда 130 мингга яқин кўпайди. Хусусан, шаҳар аҳолиси 18,02 млн кишига (жами аҳолининг 50,9 фоизи), қишлоқ аҳолиси эса 17,4 млн кишига (49,1 фоиз) етди.

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сонида меҳнатга лаёқатли ёшга тўлмаган болалар 31,5%, меҳнатга лаёқатли ёшдагилар 57,4% ва меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар 11,1%ни ташкил этди.

Ўзбекистонда аҳоли зичлиги — ҳар кв. км.га 78,9 нафар киши. Бу 2021 йилнинг шу даврига (77,3 киши) нисбатан 1,6 кишига кўпдир. Ҳудудлар кесимида аҳолининг энг юқори зичлиги Тошкент шаҳрида ҳар кв. км.га 6428,2 нафарни ташкил этади. Андижон вилоятида — 760,1, Фарғона вилоятида — 578,9, Наманган вилоятида — 395,8, Самарқанд вилоятида — 241,5. Энг паст кўрсаткичлар Навоий вилоятида — 9,3, Қорақалпоғистонда — 11,7, Бухоро вилоятида — 49,3, Жиззах вилоятида — 68,4 ва Қашқадарёда — 119,8 кишида қайд этилган.

Туғилиш

Январь-март ойларида 203,7 мингта туғилиш қайд этилди, бу 2021 йилнинг шу даврига (179,6 минг) нисбатан кескин (13,4 фоиз) ўсди дегани.


Январь-март ойларида туғилганлар сони. Манба: Давлат статистика қўмитаси

Ҳар 1000 аҳолига туғилиш коэффициенти 23,4 промиллени ташкил этди ва 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 промиллега ошди (2021 йилда — 21 промилле).

Республикада кўп ҳолларда битта фарзанд — 97,8%, иккита бола (эгизак) — 2,1% ҳолларда, уч ва ундан ортиқ бола — 0,1% ҳолларда туғилган. Кетма-кет уч ой давомида ўғил болалар қизларга қараганда бир оз кўпроқ туғилди — ўртача 51,4% га нисбатан 48,5%.

Чақалоқлар оталарининг ёши бўйича 9,8 фоизи 25 ёшгача, 84,2 фоизи 25−39 ёш ва 6 фоизи 40 ва ундан катта ёшдагилардир. Янги туғилган чақалоқларнинг 37,3 фоизининг оналарининг ёши 25 ёшгача, 61,7 фоизида 25−39 ёш ва 1 фоиз чақалоқ оналарининг ёши 40 ёш ва ундан юқори бўлган.

Ўлим

Январь-март ойларида 40,4 мингта ўлим қайд этилди, бу 2021 йилнинг шу даврига (40,2 минг) нисбатан бир оз кўпроқ (0,5 фоизга). Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг дастлабки уч ойида бу рақам 37,5 минг нафарни ташкил қилган.


Январь-март ойларида кузатилган ўлим. Манба: Давлат статистика қўмитаси

Ҳар 1000 аҳолига ўлим даражаси 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 0,1 промиллега (4,7 промилле) камайган ҳолда 4,6 промиллени ташкил этди.

Рўйхатга олинган ўлимларнинг 61,5 фоизи қон айланиш тизими касалликлари, 9,2 фоизи нафас олиш тизими касалликлари, 6,7 фоизи ўсмалар, 4,4 фоизи бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлар, 3,6 фоизи овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари, 1,5% — юқумли ва паразитар касалликлар ва 13,1% — бошқа касалликлар натижасида қайд этилган.

Ёш гуруҳлари бўйича ҳалок бўлганларнинг 14,1 фоизини 20 ёшгача ва 20−59 ёшгача бўлган ёшлар, 24,7 фоизини 40−59 ёшдагилар, 61,2 фоизини 60 ва ундан катта ёшдагилар ташкил этган.

Никоҳ ва ажримлар

Йил бошидан буён 3 ой давомида 57,9 мингта никоҳ қайд этилган бўлиб, ҳар 1000 кишига тўғри келадиган никоҳлар даражаси 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 0,4 промиллега (7 промилле) камайган ҳолда 6,6 промиллени ташкил этди.

Шунингдек, 12,2 мингта ажралишлар қайд этилган бўлиб, ҳар 1000 аҳолига тўғри келадиган ажралишлар коэффициенти 1,4 промиллени ташкил этди, бу 2021 йилнинг биринчи уч ойи (1,1 промилле)га нисбатан 0,3 промиллега кўпдир. Фарзандсиз оилаларнинг ажрашишлари сони 5447 тани, бир болали — 3623 тани, икки ва ундан ортиқ фарзандли оилаларники — 3094 тани ташкил этди.

Ажрашган эркакларнинг ўртача ёши 39,9 ёшни, аёлларники 33,5 ёшни ташкил этди. Ажралишларнинг энг катта улуши 35 ёшгача бўлган ёшларга тўғри келади, бу ажралишларнинг 50,5 фоизини ташкил қилади.

Аҳоли миграцияси

Январь-март ойларида келганларнинг умумий сони 52,8 минг кишини ташкил этди. Хориждан Ўзбекистонга доимий яшаш учун келганларнинг энг катта улуши Қозоғистон (37,9 фоиз), Россия (22,1 фоиз) ва Тожикистондан (12,6 фоиз) келганлар ҳиссасига тўғри келади. Келганларнинг 5,6 фоизи Қирғизистон, 2,3 фоизи Туркманистон, 19,5 фоизи бошқа мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистондан доимий яшаш учун кетганларнинг энг катта улуши Қозоғистон (58,5 фоиз) ва Россия (29,5 фоиз) ҳиссасига тўғри келади. Кетганларнинг 1,6 фоизи Тожикистонга, 0,9 фоизи Қирғизистонга, 0,7 фоизи Туркманистонга, 8,8 фоизи бошқа мамлакатларга тўғри келади.