Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Sputnik агентлиги тарқатган мамлакатнинг ҳозирда Россия ва Беларусни ўз ичига олган Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларига жавоб берди.

28 апрель куни Беларусь президенти Александр Лукашенко Россиянинг Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев билан учрашувда собиқ иттифоқ республикалари Иттифоқ давлатига қўшилишига ишонч билдирган эди.

«Сизга раҳмат, бизда шундай ҳамкорлик бор ва ҳеч ким хафа бўлмаслиги, суверен, мустақил давлатлар — Беларусь ва Россия ривожланиши учун янги тамойиллар асосида ягона Иттифоқ давлатини қуришга ҳаракат қилмоқдамиз. Ишончим комилки, собиқ Иттифоқнинг бошқа республикалари ҳам шундай иттифоққа қўшилади», — деган эди у.

Sputnik`нинг («Россия Сегодня» холдинги таркибига кирувчи) Ўзбекистон ва Тожикистондаги филиаллари деярли бир хил сарлавҳа билан янгиликлар чоп этишди («Лукашенко Тожикистоннинг Иттифоққа қўшилишини башорат қилди» ва «Лукашенко Ўзбекистоннинг Иттифоқ давлатига қўшилишини башорат қилди»).

Вазирлик Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан дўстона муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган бундай иғвогар ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини маълум қилди.

«Ўзбекистон ўз мустақиллиги ва суверенитетини таъминлаш мақсадида фақат миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бундан буён ҳам ўзи танлаган мустақил тараққиёт йўлида қатъий давом этади», — дейилади хабарда.

10 январь куни КХШТ саммитида Александр Лукашенко Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан биринчи навбатда Ўзбекистон сабоқ олиши кераклигини, чунки тартибсизликлар ташкилотчилари унга кўз тикиб турганини айтган эди.

Ўз навбатида, президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Александр Лукашенконинг Қозоғистондаги воқеалар ортидан Ўзбекистон сабоқ олиши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди. У мазкур баёнотни «асоссиз» деб атади. «Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», — деди давлат раҳбари.