Россиянинг «Аэрофлот» авиакомпанияси 20 майдан бошлаб Москвадан Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни тиклайди, деб хабар қилди авиаташувчи матбуот хизмати.

Парвозлар ҳар куни Airbus A330 кенг фюзеляжли самолётларида амалга оширилади.

«Москвадан Тошкентга парвозлар „Аэрофлот“ гуруҳининг Ўзбекистон шаҳарларига йўналишлар тармоғини тўлдиради, бу тармоққа аллақачон Москвадан Урганч, Бухоро ва Самарқандга рейслар киради», — дейилади хабарда.

Шунингдек, матбуот хизмати 21 майдан бошлаб Москвадан тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилиши муносабати билан «Россия» авиакомпанияси томонидан Сочидан Тошкентга парвозлар бекор қилингани ҳақида огоҳлантирди. Йўловчилар Москвадан рейсларга қайта брон қилинади.

Аэрофлот 8 мартдан Беларусдан ташқари хорижий давлатларга барча рейсларни тўхтатган эди. Бунга ҳаво транспорти федерал агентлигининг тавсиялари сабаб бўлганди, у самолётлари хорижий реестрда бўлган Россия авиакомпанияларига 6 мартдан хорижга, бошқа давлатлардан эса Россия Федерациясига 8 мартдан парвозларни тўхтатишни тавсия қилганди.

«Интерфакс» маълумотларига кўра, апрель ойида Европа Иттифоқи санкцияларни бироз юмшатиб, лизинг берувчиларга Россия авиаташувчилари билан 26 февралгача тузилган самолётлар учун молиявий ижара шартномаларини бажаришни давом эттириш имконини берди. Шундан сўнг, «Аэрофлот А330 ёрдамида бир нечта хорижий рейсларни амалга оширди: ушбу самолётларнинг бир нечтаси компания томонидан молиявий лизинг шартномалари бўйича фойдаланилади.

Компания аввалроқ Ҳиндистон, Туркия, Малдив ороллари ва Шри-Ланка, Қозоғистон, Қирғизистон, Эрон, Озарбайжон ва Арманистонга парвозлар қайта тиклангани ҳақида маълум қилган эди.