«Аэрофлот» компанияси 8 мартдан бошлаб Минскдан ташқари қолган барча халқаро рейсларни ёпмоқда. Компания матбуот хизмати буни «парвозларнинг бажарилишига тўсқинлик қилувчи қўшимча ҳолатлар пайдо бўлгани» билан изоҳлади.

Халқаро ташувларни бекор қилиниши «Россия» ва «Аврора» авиакомпаниялари рейсларига ҳам тегишли.

«Аэрофлот мамлакат жанубидаги шаҳарларга парвозлар учун олдин белгиланган чекловлардан ташқари, Россияда ичидаги барча йўналишлар тармоғи бўйлаб барча парвозларни амалга оширишда давом этади. Шунингдек, Минск ўртасидаги парвозлар давом этади», — дейилади хабарда.

«Аэрофлот» 6 мартдан (Москва вақти билан соат 00:00 дан) бошлаб агар орқага қайтиш муддати 8 март санасидан кейинга мўлжалланган парвоз бўлса, унда иккитомонлама чиптага эга халқаро рейслар учун йўловчиларни қабул қилишни тўхтатади. Компания фақат бир томонлама чиптага эга бўлганларни 8 март санасигача қабул қилади.

Бекор қилинган халқаро рейсларнинг йўловчилари чипта нархини тўлиқ қайтариб олишлари мумкин. Компания иккитомонга чипта харид қилган хорижлик йўловчилар уларни қайта расмийлаштириши мумкин.

«Парвозлар бекор қилинган вақтда хорижда қолиб кетган йўловчилар учун авиакомпания Россияга қайтишини ташкил қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади», — дейилади хабарда.

Россиянинг яна бир компанияси S7 Airlines 5 мартдан бошлаб халқаро йўналишлардаги барча рейслари тўхтатилганини маълум қилди.

«S7 Airlines 5 мартдан халқаро йўналишлардаги барча қатновларни бекор қилишга мажбур бўлди. Қолдирилган рейслар йўловчилари авиакомпаниядан билдиришнома олади, бизнинг мутахассисларимиз улар билан S7 компаниясининг филиалларида иш олиб боради», — дея қайд этилган пресс-релизда.

Smartavia авиакомпанияси халқаро авиақатновларни 19 мартга қадар бекор қилди.

«Аэрофлот» Ўзбекистоннинг иккита шаҳри — Тошкент ва Самарқандга тўғридан-тўғри қатновларни амалга оширарди. S7 Airlines Бухоро, Қарши, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Урганч ва Фарғонага парвозларни йўлга қўйганди.

Smartavia эса Ўзбекистонга қўйилган қуйидаги рейсларни бекор қилди: Санкт-Петербург — Наманган — Санкт-Петербург; Санкт-Петербург — Бухоро — Санкт-Петербург; Москва — Фарғона — Москва.