Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Етакчилар муқаддас Рамазон ҳайити билан бир-бирини самимий қутлаб, икки мамлакатнинг биродар халқларига тинчлик-осойишталик, бахт-саодат, фаровонлик ва равнақ тилади.

Муҳокамада амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳалари ва бошқа йўналишларда устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тожикистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, икки давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, жумладан, Марказий Осиёдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилган.

Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишни таклиф қилди. Ташриф кунлари дипломатик каналлар орқали келишиб олинади.

2021 йилда икки давлат президентлари Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида 320 МВт қувватга эга ииккита ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида, қолаверса, ўзбек-тожик инвестиция компанияси ташкил этиш, саноат ва янги технологиялар соҳасида, тоғ-кон саноатида ҳамкорлик тўғрисида жами 35 та ҳужжатни имзолади.