Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ҳукуматлари ўртасидаги фуқароларнинг ушбу мамлакатларда бўлиб туриш қоидаларини енгиллаштириш бўйича келишувларини ратификация қилди, дея хабар берди Кремль матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, Россия Федерациясига кирувчи Ўзбекистон фуқаролари ҳамда Ўзбекистонга кирувчи россияликлар, мамлакатга кирган кунларидан бошлаб 15 кун давомида рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан озод қилинадилар (амалдаги тартибга кўра 7 кун давомида рўйхатдан ўтиш керак).

Бу ҳақда тегишли келишувлар Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида 2021 йилда имзоланган эди.