Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш икки кун аввал Россия президенти Владимир Путин билан музокаралардан сўнг 28 апрелда Киевда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Аввал ёзганимиздек, у Мариуполдан аҳолини эвакуация қилишда БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси иштирокига Россия розилигини олган.

Фото: president.gov.ua.

Музокаралар олдидан Антониу Гутерриш уруш натижасида турар-жой массивлари ва инфратузилмалари вайрон бўлган Ирпин, Буча ва Бородианка шаҳарларида бўлиб, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Ирпиндаги турар-жойлардаги вайронагарчиликни зиёрат қилиш. Фото: БМТ матбуот хизмати.

«Бу уруш — XXI асрда абсурддир. Уруш — ёвузлик», — деди БМТ раҳбари Бородианкада. Ҳозир Халқаро жиноий суд ва БМТнинг бошқа механизмлари зарур ишларни амалга ошириши ва адолатни таъминлаши жуда муҳим, деди у.

Бучада уруш ва қотилликлар қурбонларининг юздан ортиғи дафн этилган собиқ оммавий қабр жойига ташриф.

«Украина халқи билишини истайманки, дунё сизни кўрмоқда, эшитмоқда ҳамда сизнинг жасоратингиз ва қатъиятингизга қойил қолмоқда», — деди у Украина президенти билан қўшма матбуот анжуманида.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аниқ позицияни эгаллайди, — деди Антонио Гутерриш. — Москвада айтганимдек, Россиянинг Украинага бостириб кириши давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва БМТ Низомини бузишдир».

У БМТ Хавфсизлик Кенгаши Украинадаги урушнинг олдини олиш ёки тўхтатиш учун мавжуд механизмларни қўлламаганини тан олди. «Бу катта умидсизлик, қайғу ва ғазабга сабаб бўлмоқда», — деди БМТ раҳбари.

Шу пайтгача кўплаб етакчилар томонидан қилинган урушни тўхтатишга қаратилган барча уринишлар муваффақиятсиз чиқди, деди Гутерриш. Бироқ БМТ таслим бўлиш ниятида эмас ҳамда кенг кўламли сулҳ ва тинч аҳолини олиб чиқиб кетиш, ёрдам етказиш учун самарали гуманитар йўлакларни яратишга интилмоқда.

БМТ раҳбари Киевга «Украина халқини қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ҳаётни сақлаб қолиш, азоб-уқубатларни енгиллаштириш ва тинчлик йўлини топишга ёрдам бериш» саъй-ҳаракатларига эътибор қаратиш учун келганини таъкидлади.

БМТ бош котибининг айтишича, БМТнинг бошқа баъзи мамлакатлардаги кенг кўламли гуманитар операцияларидан фарқли ўлароқ, Украинанинг ўз фуқароларини қўллаб-қувватловчи самарали институтлари ва ҳукумати мавжуд ҳамда БМТ барча саъй-ҳаракатларини ушбу тузилмалар билан мувофиқлаштиради.

«Бу биз амалга оширган энг тез ривожланаётган гуманитар операциялардан бири, — деди Гутерриш. — Мен тушунаман, ҳамма нарса ҳам мукаммал эмас ва бугунги кунда қила оладиган барча нарсалар эҳтиёжлар кўламидан юқорироқ. Мен сизни ишонтириш учун келдимки, биз бу саъй-ҳаракатларни ҳар босқичда Украина ҳукумати билан мувофиқлаштириб, кучайтиришда давом этамиз».

Унинг сўзларига кўра, БМТ Украинадаги 3,4 млн кишига фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатмоқда ва август ойигача бу кўрсаткични 8,7 млнга етказишни режалаштирмоқда. Ташкилот, шунингдек, маҳаллий аҳолига ойига 100 млн доллар миқдорида нақд пул ёрдами беради — 1,3 млн киши уни май ойида олади, августгача 2 млн киши, деди у.

«Энг пессимистик прогнозларга кўра, йил охиригача 25 млн украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин, — дея огоҳлантирди Гутерриш. — Умид қиламанки, бундай бўлмайди, лекин биз энг ёмонига тайёрланишимиз керак».

Владимир Зеленский Украина Мариуполдан одамларни эвакуация қилиш бўйича шошилинч музокараларга тайёр эканлигини ва БМТ бош котибининг ушбу миссиядаги иштироки самарали бўлишига умид қилишини таъкидлади.

У Антониу Гутерришни Украина фуқароларини Россияга депортация қилишни тўхтатиш, мажбуран депортация қилинганлар билан учрашиш ва уларни имкон қадар тезроқ ватанига қайтариш учун ҳаракат қилишга чақирди.

Владимир Зеленский, шунингдек, агар босиб олинган ҳудудларда референдумлар ўтказилса, улар Украина ва дунё томонидан тан олинмаслиги ҳамда Украина ва Россия ўртасидаги эҳтимолий музокараларни мураккаблаштиришини айтди. «Мен ишонаманки, куч билан қўшиб олиш мумкин эмас ва у ёки бу ҳудудларимизни аннекция қилишда муваффақият қозонмайди», — деди у.

Матбуот анжуманидан кўп ўтмай Киевга иккита ракета зарбаси берилди. БМТ ўз хабарида буни «Россия қўшинлари [Киев] чеккасидан олиб чиқиб кетилганига қарамай, уруш ҳали тугамаганини эслатиш» деб атади.