Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларидаги йўл белгиларига қўшимчалар қўшилди. Хусусан, эндиликда «Тўхтаб туриш» белгиси [5.15] жой турига қараб кўпайтирилди. Бу ҳақда ЙҲХХ матбуот хизмати хабар берди.


5.15.1 Пуллик тўхтаб туриш жойи

Унга кўра, 1 майдан мазкур белгига қўшимча равишда пуллик тўхтаб туриш жойларида алоҳида [5.15.1] белги бўлади. У ҳам эски таҳрирдаги қоидалардаги белги каби бўлиб, фақат сариқ рангда ўрнатилади.

«Масалан бу белги тадбиркор ташкил қилган пуллик автотураргоҳлар, автомобиль қўйиш жойлари олдида ўрнатилиши мумкин», — дея изоҳланган хабарда.

5.15.2 Ер усти автомобиль қўйиш жойи

Шунингдек, энди ер усти автомобиль қўйиш жойлари учун ҳам алоҳида белги ўрнатилади [5.15.2]. Унинг аввалгисидан фарқи лотинча P ҳарфи устига махсус белги қўшилган.

Пойтахт кўчаларида ҳам ҳозирги кунда кўп қаватли автотураргоҳлар, автомобиль қўйиш жойлари ташкил этилмоқда. Ушбу ҳудудларга киришдан олдин ва яқинида мазкур белгини кўриш мумкин.

5.15.3 Ер ости автомобиль қўйиш жойи

Ер остида ўрнатилган автомобил қўйиш жойларига киришдан олдин эндиликда 5.15.3 белгиси ўрнатилади.