Рассом Inkuzart Тошкентнинг Шота Руставели кўчасида жойлашган Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳовлисининг ташқи деворида «Коррупция» мавзусидаги граффитини қолдирди.

Ижодкор деворда Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» қиссаси асосида суратга олинган шу номдаги фильм қаҳрамони «Коррупция» ёзуви туширилган сумкани елкасига илиб олиб, атрофга ўғрилардек қараб турганини тасвирлаган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ўзининг телеграм каналида граффитни қўллаб-қувватлаши ҳақида ёзди: «Биз ҳар куни коррупция балосидан тезроқ қутулиш, юртимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз. Бироқ, коррупция иллати ҳанузгача елкамизда оғир юк бўлиб қолмоқда. Бу юкдан қанча тез қутулсак, олдимизга қўйилган мақсадларга шунча тез эришамиз. Бунинг учун нафақат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, балки аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этишлари, кўмаклашишлари керак».

«Агентлик мазкур граффити муаллифи Inkuzart’нинг ижодий ғоясини ва коррупцияга нисбатан муросасизликка қаратилган шу каби креатив ёндашувларни доимо қўллаб-қувватлайди», — дейилади хабарда.

Inkuzart’нинг пойтахтдаги бир нечта граффитлари бўяб юборилган. Февраль ойида рассом томонидан Чилонзор туманидаги 103-мактаб ўқувчилари учун яратилган Эйнштейн ва унинг формулалари акс этган граффити йўқ қилинган. Шунингдек, ўтган йили «Ўзбекнефтгаз» ёқилғи қуйиш шохобчаси ёнида автосаноат монополияси ҳақидаги арт-объект ҳам бўяб ташланган.