Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари муҳожирлар оқимига таъсир қилувчи ташқи омилларни инобатга олган ҳолда ташқи меҳнат муҳожирлиги имкониятларини баҳолаш бўйича таҳлил ўтказди.

Муаллифларнинг қайд этишларича, Россиядаги меҳнат муҳожирлари ўтказадиган пул маблағларига боғланиб қолиш нафақат меҳнат бозори, балки бутун республикадаги вазиятни янада чуқурлаштиради. Шу сабаблар туфайли айни чоғда ишчи кучини экспорт қилиш учун янги имкониятларни кўриб чиқиш зарур, дейилади ПМТИ матбуот хизмати хабарида.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки маълумотларига кўра, Россиядан пул ўтказмалари Ўзбекистон учун валюта тушумлари ва даромадларининг энг муҳим манбаи ҳисобланади (ялпи ички маҳсулотнинг 11,4 фоизи).

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, 2021 йилда Россияда 1 миллион 36 минг меҳнат муҳожири бўлган. Бир меҳнат мигрантига тўғри келадиган ойлик пул ўтказмалари миқдори 453 долларни ташкил қилган.

Тадқиқотда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг иқтисодий барқарорлиги кўп жиҳатдан мигрантлар пул ўтказмалари оқимига боғлиқ бўлиб, демак, борадиган мамлакатларнинг миграция сиёсатига боғлиқ. Муҳожирларни ватанга қайтишга мажбур қиладиган ҳар қандай иқтисодий зарба мамлакатдаги ишсизлик даражасини кескин оширади ва пул ўтказмаларини тўхтатиб, қашшоқликни янада кучайтиради.

Бугунги кунда меҳнат муҳожирларининг асосий йўналишлари Россия (61,5 фоиз), Қозоғистон (16,9 фоиз), Туркия (6,1 фоиз), Жанубий Корея (2 фоиз), БАА (0,8 фоиз) ҳисобланади. 2 миллион 356 минг меҳнат муҳожирининг 75,9 фоизини эркаклар, 24,1 фоизини аёллар ташкил этади.

Муҳожирларнинг асосий қисми қурилишда — 51,6 фоиз, қишлоқ хўжалигида — 12,3 фоиз, саноатда — 9,2 фоиз ва савдода — 8,5 фоиз банд.

Тадқиқот давомида Ўзбекистондан меҳнат миграциясини рағбатлантиришнинг энг жозибадор йўналишлари аниқланди. Булар Польша, Болгария, Литва, Чехия, Франция, Германия ва Буюк Британиядир. Сингапур, Саудия Арабистони ва Япония ҳам алоҳида таъкидланган. МДҲ давлатлари орасида Озарбайжон ва Беларусь энг салоҳиятли бўлиб чиқди.

Меҳнат миграциясининг энг муҳим омиллари инглиз тилини билиш, дипломатик ваколатхоналарнинг мавжудлиги, авиачипталар нархи, шунингдек, кириш мамлакатларида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳисобланади.

Тадқиқот муаллифларининг аниқлашича, кириш мамлакатларида инглиз тилига бўлган талаб Ўзбекистондан меҳнат миграцияси оқимини 55 фоизга қисқартиради.