Ўзбекистон Марказий банки 25 апрелдан (икки дам олиш кунини ҳисобга олган ҳолда) хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади. Унга кўра:

  • 1 АҚШ доллари 41,80 сўмга арзонлади ва 11 260,28 сўмни ташкил этмоқда;
  • 1 Евро 167,23 сўмга пасайди ва 12 167,86 сўм деб баҳоланди;
  • 1 Рубль 1,59 сўмга кўтарилди ва 143,53 сўмга тенг бўлди.

Доллар курси

22 февралдан 25 апрелгача долларнинг сўмга нисбатан расмий курси динамикаси

Ҳафта бошида доллар (-21,40) ва евронинг (-46,82) сўмга нисбатан курслари пасайиб, мос равишда 11 278,02 сўм ва 12 172,37 сўмни ташкил қилган эди.

20 апрель, чоршанба куни доллар курси кетма-кет тўрт кунлик пасайишдан сўнг кўтарилди. Пайшанба куни ҳам сўм курси бироз қадрини йўқотиб, доллар курси 11 300 сўмдан қимматлашди. АҚШ долларининг ушбу мустаҳкамланиши (сўм курси 42,71 сўм девальвацияга учраши) Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича йиғилиши арафасига тўғри келди, бироқ асосий ставка 17 фоиз даражасида сақланиб қолиши эълон қилинганидан сўнг миллий валюта долларга нисбатан мутаҳкамланди.

Умуман олганда, ҳафта давомида доллар сўмга нисбатан расмий курси 39,14 сўмга арзонлади.

Март ойида сўм кескин қадрсизланиб, бир ярим ҳафта ичида (9 мартдан 18 мартгача) ўз қийматини 6,1 фоизга — 10897,27 сўмдан 11571,99 сўмгача йўқотган эди. Валюта курсини барқарорлаштириш ва инфляцион кутилмаларни камайтириш мақсадида 17 март куни Марказий банк курсни 14 фоиздан 17 фоизга оширди, шундан буён сўм долларга нисабатан 311,71 сўмга ёки 2,7 фоизга қимматлашди.

Рубль курси

Марказий банкнинг 18 апрель кунидан кучга кирувчи курсларига кўра, рублнинг сўмга нисбатан курси 3,14 сўмга кўтарилиб, 140,41 сўмга тенг бўлганди. Кейинги кун ҳам рубль курсида ўсиш кузатилди.

Шундан сўнг рубль кетма-кет икки кун пасайди. Кейин эса яна икки кунлик курсларда ўсишни қайд этди ва 25 апрелдан амал қилувчи курсларга кўра, 143,53 сўмни ташкил этди.


Ҳафта давомида ушбу валютанинг сўмга нисбатан курси 3,12 сўмга кўтарилди.

Евро курси

Евронинг сўмга нисбатан расмий курслари ҳафта давомида фақатгина 21−22 апрель кунлари кўтарилди.

18 апрель учун евро курси 135,46 сўмга пасайиб, 12 219,19 сўм деб баҳоланди. Ҳафта давомида ушбу валюта курси 53,13 сўмга қадрсизланди.

21 апрелда Марказий банк асосий ставкани (ҳозирда 17%) ўзгартирмасликка қарор қилди, чунки асосий савдо-ҳамкор давлатларда иқтисодий вазият шу жумладан, валюта курсларининг маълум даражада мувозанатлашуви кузатилаётганига қарамасдан, барча макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўрта муддатли истиқболда ноаниқлик ва хатарлар даражаси юқорилигича сақланиб қолмоқда.