Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) давлатлари синтетик гиёҳванд моддалар ва янги психофаол моддаларнинг тез тарқалишидан хавотирда, бу ҳақда 20 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатларнинг наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича ваколатли органлари раҳбарларининг йиғилиши якунлари бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Синтетик гиёҳвандлик воситалари ва янги турдаги психофаол моддаларнинг тез суръатларда тарқалиши ва уларнинг суиистеъмоли, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган кимёвий моддаларнинг ноқонуний айланишининг кучайиши минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солмоқда», — дейилади маълумотда.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ глобал муаммо, энг аввало, минтақавий ва халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид солиб келаётган омиллардан — Афғонистон ва «Олтин ярим ой» минтақаларида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ноқонуний ишлаб чиқаришнинг кескин ўсиб боришидан хавотир билдирди.

«Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши ва гиёҳвандлик воситаларидан олинган даромадларни легаллаштиришда замонавий ахборот-телекоммуникация технологиялари ва электрон молия тизимларидан фойдаланишга қарши курашиш муҳимлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.

Делегациялар раҳбарлари томонидан Жанубий ва Марказий Осиё минтақаларининг тарихий жиҳатдан яқинлиги, шу билан бирга Афғонистондан келиб чиқувчи наркотаҳдидларга қарши курашиш масалаларида ШҲТ билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарблигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатларини ўз ичига қамраб олувчи биргаликдаги Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ташаббуси долзарб ва муҳим экани эътироф этилди.

Томонлар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда умумий ёндашувлар ва ҳамкорликни илгари суриш, шунингдек, БМТ ва бошқа гиёҳвандликка қарши курашишга йўналтирилган халқаро майдонларда гиёҳванд моддалар устидан назорат ўрнатишнинг халқаро тизимини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш истагида эканликларини тасдиқлади.

Бир кун аввал гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази раҳбари Олим Нарзуллаевга таяниб, Афғонистондан «Шимолий йўналиш» орқали наркотик моддаларни олиб ўтиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, Ўзбекистон транспорт инфратузилмаси орқали гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринишлар кўпайган.