Бугун, 20 апрель куни кузатилган кучли ёғингарчиликлар оқибатида Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Ш. Рашидов туманларида сел оқимлари юзага келди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолатни бартараф этиш учун ҳаракат бошланганини маълум қилди.

Сел натижада айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, экин майдонлари сел оқимларидан зарарланди. Хусусан, Жиззах вилоятида кузатилган ҳолатда Фориш туманининг Эгизбулоқ маҳалласида табиий офат мактаб ҳудудининг темир устунларини бузиб ташлагани акс этган видео тарқалди. Унда мактаб яқинидаги боғчанинг ҳожатхонаси ҳам қулаётгани хабар қилинди. Сув боғчанинг 1-қавати деразасигача етиб боргани айтилди. Шунингдек, сел ўзи билан «Жигули» машинасини ҳам оқизиб кетди.

Ўзгидромет етакчи мутахассиси Эркин Абдулахатовнинг айтишича, Ғаллаоролда ёғган ёмғир икки соат ичида йиллик ёғиннинг қарийб 10 фоизини бажариб улгурган. Вилоятнинг «Ғаллаорол» метеорологик станциясида 2 соат 5 минут оралиғида 31,5 мм ёғин ёғган. Бу жуда кўп миқдор ҳисоланади, дейилади хабарда.


Фото: Xabar.uz

Фото: ФВВ

ФВВ айни пайтда Бахмал туманининг Нурафшон МФЙ, Гулобод қишлоғи, Ғаллаорол туманининг Молтоб ҚФЙ Молтоб қишлоғи, Ш. Рашидов тумани Куёвбоши МФЙ ҳамда Фориш тумани Эгизбулоқ МФЙларида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёғингарчилик оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирларини кўраётганини маълум қилди.

Воқеа туфайли айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа обектлари, экин майдонлари сел оқимларидан зарарланди. Дастлабки маълумотларга кўра, Фориш туманида 4 нафар фуқарони (1 нафар эркак, 3 нафар аёл) сел оқимлари оқизиб кетиш натижасида халок бўлганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоятининг бир қатор туманларида ҳам кучли ёғингарчилик сел билан бирга кузатилмоқда. «Дарё» нашри Самарқанд шаҳридаги сув остида қолган 17-мактаб акс этган видеолавҳани эълон қилди.

Гидрометеорология маркази эса ёғингарчилик юзасидан берган расмий муносабатида 15 апрель куни сел-сув тошқинлари юзасидан шошилинч ахборот берганини эслатди.