2025 йилгача Тошкентда барча туманларни марказ билан боғлайдиган 11 та магистраль автобус йўналишини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Улар учун тезкор ҳаракатланишга мўлжалланган алоҳида йўлаклар ажратилади. Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан февраль бошида тасдиқланган пойтахт жамоат транспорти тизимини ривожлантириш концепциясида кўзда тутилган.

Ҳужжат давлат раҳбари Тошкентга трамвай ҳаракати қайтарилишини эълон қилганидан бир неча кун аввал қабул қилинган. Шу муносабат билан концепциянинг қайта кўриб чиқилиши ғозирча номаълум.

2022 — 2025 йилларда махсус йўлаклар ташкил этилиши режалаштирилган кўчалар рўйхатига Келес йўли, Аҳмад Дониш, Боғишамол, Буюк Ипак йўли, Махтумқули, Фарғона йўли, Лутфий, Бешқайрағоч, Кўкча дарвоза ва Беруний киритилган. Шу билан бирга, жорий йилда Аҳмад Дониш кўчасида алоҳида йўлак пайдо бўлиши керак. Президент қарорида автобус йўлаклари автомобиллар қаторларидан қандай ажратилиши — оддий чизиқлар ёрдамидами ёки маъсус тўсиқлар — аниқ келтирилмаган.

16 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи, «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси раҳбари Анвар Жўраев асосий йўналишларда фақат катта сиғимли автобуслар ҳаракатланишини айтди.

Ҳозир пойтахтда фақат битта ажратилган (белгилар ёрдамида) йўлак бор — яқинда реконструкция қилинган Фарғона йўли кўчасида. Чизиқни тўлақонли деб айтиб бўлмайди — у чорраҳаларда узилиб қолади ва белгилар етарлича яхши кўринмайди. Кўча бўйича унга автомобиллар қўйиб кетилади, машиналар йўқ жойларда ҳам автобуслар мунтазам юравермайди. Кўпчилик ҳайдовчилар бу йўлакнинг фақат автобуслар учун эканлигини билмайди ҳам.

Автобус «Фарғона йўли»да махсус йўлакнинг ёнидан юрмоқда. Орқароқда эса кўчани кесиб ўтиб бориш мумкин бўлган бекат.

Яқин кунларда Фарғона йўли кўчаси бўйлаб 81-сонли йўналишда электробуслар қатнови йўлга қўйилади. Улар бир неча кундан буён шаҳар марказидаги 51-сонли йўналиш бўйлаб ҳаракатланишмоқда.

Автобуслар учун ажратилган йўлаклардан мақсадли фойдаланилмаётгани ҳақидаги фикрга жавоб берар экан, Анвар Жўраев: «Мақсадли фойдаланиши учун мажбурлаймиз, у ишлайди», — деди.

«Ушбу йўлак иш бериши учун қонунбузарликларни фото ва видеога олиш воситалари ўрнатилади. Ҳозир у ерда шахсий машиналар қўйиб кетилмоқда ва бугунги кунда мазкур линия ишлаётгани йўқ», — деб тан олди у.

Авваллари Фарғона йўлида трамвай қатнови амалга оширилган. Унинг қайтиш-қайтмаслиги номаълум. Бунгача BRT (тезюрар автобус) линиясини қуриш режалари эълон қилинган, бироқ улар амалга оширилмаган.

Транспорт бошқармаси бошлиғининг қўшимча қилишича, 2023 йилда алоҳида йўлакларда ҳаракатланадиган 50 та ўн саккиз метрли қуёш электробусларини харид қилиш режалаштирилган.