Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Microsoft компанияси вакиллари билан онлайн учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Унда Microsoft компанияси, Америка-Ўзбекистон Савдо Палатаси ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиҳонаси вакиллари иштирок этди.

Учрашувда ҳамкорликнинг долзарб ва истиқболли йўналишлари муҳокама қилиниб, АКТ вазирлиги томонидан Ўзбекистонда компания офисини очиш таклифи берилди.

Бундан ташқари, учрашувда IT-таълимни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиш, ушбу жараёнларга кўпроқ ёшларни жалб этиш, малакали кадрлар тайёрлаш масалалари кўрилган.

«Томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 14 апрель куни Шавкат Мирзиёев раислигида АКТ ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилганди. Унда президент Ўзбекистонни минтақавий IT марказига айлантириш вазифасини қўйган эди.

Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди:

  • IT экспортини йил якунига қадар камида 100 миллион долларга етказиш;
  • ички IT хизматлари ҳажмини йилига камида 50 фоизга ўсишини таъминлаш;
  • жорий йилда қолган 6 та ҳудудда ҳам IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва малакали кадрлар таъминлаш, қолганларида камида 20 тадан компаниялар фаолиятини йўлга қўйиш ва 5 минг нафар ёшларни юқори даромадли иш билан таъминлаш.