Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров нима учун ҳайдовчилар ЙПХ ходимларининг дислокация кўчирмаси билан жойнинг ўзида танишиш ҳуқуқидан маҳрум этилгани ҳақидаги саволга жавоб бермади.

18 апрель куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бозоровга қуйидаги савол берилди:

«Дислокация кўчирмасини олиш тартиби қийинлаштирилди. Бундан қандай мақсад кўзланди, бунга сабаб нима эди. Бунинг натижасида ЙПХ ходимлари ўзини ваколатини суистеъмол қилиб, бошқа ҳудудда ноқонуний тартибда фолиятини олиб бормаслигига кимдир кафолат берадими?»

Эрали Бозоров саволнинг бир қисмини жавобсиз қолдирди.

«Дислокация масаласига келадиган бўлсак, ўзларингиз 2021 йилда бўлган ҳолатлардан хабардорсиз. Лекин бу инспектор назоратсиз қолади дегани эмас. Ҳозирги кунда инпекторларнинг ҳаммаси боди-камера билан таъминланган. Бундан ташқари, уларнинг қўлларида планшет бор. Бу иккита мослама орқали ходимнинг қаерда, соат нечада қаерда бўлгани тўлиқ назорат остига олинган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бу жараён ситуацион марказлар орқали назорат қилинади.

Бунгача Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги [975-сон] қарорига асосан, ҳайдовчининг транспорти тўхтатилганида, у ЙПХ ходимнинг дислокация кўчирмаси билан жойнинг ўзида танишиши мумкин эди.

Ҳукуматнинг 12 апрелдаги қарорига кўра, эндиликда ҳайдовчилар дислокация кўчирмаси билан фақат ходим хизмат қилаётган Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлимида танишиши мумкин. У ёзма равишда берилади.

ЙПХ ходимига дислокация билан ўзига юкланган ҳудуддан ташқарида қоида бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларни рўйхатдан ўтказиши тақиқланади (баъзи истиснолардан ташқари). Агар йўл ҳаракати қоидаларини бузиш баённомаси хизмат кўрсатиш жойида тузилмаган бўлса, ҳужжат юридик кучга эга бўлмайди ва у ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Бундан ташқари, хизмат текшируви тайинланади, унинг натижаларига кўра ЙПХ ходимининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.