Президентнинг «Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Huquqiy axborot Telegram канали хабар берди.

Қарорга кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиялаштириш учун банкларга 300 млн доллар эквивалентида кредит линияси ажратилади.

Бунда:

  • кредит линияси тижорат банкларига 7 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 10 фоиз ставкада миллий валютада;
  • банклар томонидан кредитлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун йиллик 14 фоиз ставкада, 5 йилгача муддатга, шу жумладан, 2 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 5 млрд сўмгача миқдорда;
  • тадбиркорларнинг фаолият даври 6 ойгача бўлганда 1 млрд сўмгача, 6 ойдан 1 йилгача бўлганда 2 млрд сўмгача, 1 йилдан 2 йилгача бўлганда 3 млрд сўмгача, 2 йилдан 3 йилгача бўлганда 4 млрд сўмгача ва 3 йилдан ошганда 5 млрд сўмгача кредитлар ажратилади.

Қайд этилишича, кредит линияси маблағларининг камида 70 фоизи Нукус шаҳридан, вилоятларнинг маъмурий марказларидан ва вилоят бўйсунувида бўлган шаҳарлардан ташқари ҳудудларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳудудлардаги кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун банкларга 300 млн доллар ажратилишини маълум қилган эди. Бу маблағ тадбиркорлар учун энг яхши шартлар таклиф қилган банкларга 7 йил муддатга 10 фоиз ставкада миллий валютада жойлаштирилади. Мазкур йиғилишда давлат раҳбари ажратилаётган маблағлар халқнинг пули экани, бироқ банклар энг катта порахўрлик билан шуғулланаётганини таъкидлади.

«Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм — бюджетданми, банкданми — бу ҳаммаси халқнинг пули. Инфраструктарага жавоб берадиган газ, сув, свет ваҳоказо — ўшалар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти. Банклар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти. Менда жуда катта маълумот бор. Шунча қийналиб топган пулимизни ҳалоллик билан халқимизга етказиб бериш бўйича ҳаракат қиляпмиз, лекин йўлимизда — [ноқонуний] ер бериш, ер олиш, ер сотиш… Биласизларми, менга қандай алам қилади бу нарсаларни эшитиш», — деди президент Шавкат Мирзиёев