Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 апрель куни тадбиркорлик учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда 2022 йил учун тижорат банкларига 2 трлн сўм имтиёзли кредит ресурслари берилгани қайд этилди. Лекин бугунги кунгача тижорат банкларига киритилган 790 млрд сўмлик талабномадан атиги 53 фоизи, айрим ҳудудларда эса 25−30 фоизи молиялаштирилган, холос. Тижорат банкларининг бу борадаги фаолияти танқид қилиниб, қўшимча кўрсатмалар берилди.

Президент сўнгги вақтларда айрим ҳудудларда тадбиркорлар фаоллиги пасайгани, улар кредит, солиқ ва инфратузилма билан боғлиқ қийинчиликларга учраётганини кўрсатиб ўтди.

Жамғарманинг банклардан 378 млрд сўм миқдорида қарздор бўлиб қолган. Молия вазири Тимур Ишметовга 1 майга қадар жамғармага 400 млрд сўм, сўнгра икки ой ичида яна 500 млрд сўм ўтказиб бериш топширилди.

«Агар Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасига пул бермасак, тадбиркорларни ривожлантириш тўхтаб қолади. Бу, албатта катта пул — 1 трлн сўм — катта пул, лекин бошқа йўлимиз йўқ», — деди президент.

Хизматлар соҳасида Ўзмиллийбанк томонидан жалб қилинган 200 млн доллар ҳисобидан 5,5 млрд сўмгача кредитлар ажратилади. Шу билан бирга, кредит ставкаси, Тадбиркорлик жамғармаси компенсациясини ҳисобга олган ҳолда, 18 фоиздан ошмайди.

Шу билан бирга, вилоятларда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 300 млн доллар ресурс берилади. Бу маблағ тадбиркорлар учун энг яхши шартлар таклиф қилган банкларга 7 йил муддатга 10 фоиз ставкада миллий валютада жойлаштирилади. Бунда, тадбиркорга тақдим этиладиган кредит ставкаси 14 фоиздан ошмайди.

«Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм — бюджетданми, банкданми — бу ҳаммаси халқнинг пули. Инфраструктарага жавоб берадиган газ, сув, свет ваҳоказо — ўшалар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти. Банклар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти. Менда жуда катта маълумот бор. Шунча қийналиб топган пулимизни ҳалоллик билан халқимизга етказиб бериш бўйича ҳаракат қиляпмиз, лекин йўлимизда — [ноқонуний] ер бериш, ер олиш, ер сотиш… Биласизларми, менга қандай алам қилади бу нарсаларни эшитиш», — деди президент Шавкат Мирзиёев (иқтибос «Менимча» кўрсатувидан олинди).

Экспорт қилувчи корхоналарнинг муаммолари таҳлил қилиниб, қўшимча имкониятлар белгиланди. ҚҚСни қайтаришнинг соддалаштирилган механизми жорий этилади, маблағларнинг 80 фоизи 7 кун ичида қўшимча текширувларсиз қайтарилади.

Экспортчилар муаммоларини узлуксиз ўрганиш ва тезкор ҳал этишнинг янги тизими эълон қилинди. Бунинг учун доимий ишловчи штаб ва «1094» рақамли алоқа маркази ташкил этилади.

Сенат раиси, Коррупцияга қарши кураш миллий кенгаши раҳбари Танзила Нарбаева апрель ойи бошида 2021 йилда банк соҳасида коррупцияга оид жиноятлар сони уч баробарга ошгани ҳақида хабар берган эди.