ИШИД террорчилик ташкилотининг Хуросон бўлими Ўзбекистон ҳудудини ракеталар ёрдамида ўққа тутишга уринди, бироқ снарядлар ўзбек чегарасигача етиб бормади. Бу ҳақда толиблар матбуот котиби ўринбосари Иномулла Самангоний маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» махсус мухбири Аброр Қурбонмуратов.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракатни ИШИДга аъзо жангарилар амалга оширган, бироқ, мақсадига ета олмаган ва ракеталар Ўзбекистон чегарасигача етиб бормаган.

«ИШИД аъзолари ўз мақсадига эриша олмади. Уларнинг турган жойи аниқланди. 2−3 киши бир қанча снаряд билан қўлга олинди. Ўзбекистон чегарасига 2−3 та снаряд етиб бормаган, улар айрим харобалар устига тушган. Афғонистон Ислом Амирлиги ҳеч кимга бизнинг ҳудудимиздан қўшни давлатлар хавфсизлигига таҳдид қилишга йўл қўймайди», — дея таъкидлади Иномулла Самангоний афғон ОАВлари томонидан Twitter`да эълон қилинган видеомурожаатда.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳолат бўйича суриштирувлар олиб борилмоқда.

Шунга қарамасдан, Афғонистоннинг муваққат ҳукумати ТИВ сешанба куни Афғонистон ҳудудидан Термиз ўққа тутилгани ҳақидаги хабарни рад этди.

«Афғон-ўзбек чегараси бўйлаб вазият барқарор ва ташвишланишга хожат йўқ. Афғонистон Ислом Амирлиги берган ваъдасини тасдиқлаб, масулиятли ҳукумат сифатида барча қўшни давлатларни чегара хавфсизлиги қўшинлари ҳеч кимнинг хавфсизлиги бузилишига йўл қўймасдан чегараларни назорат қилишига ишонтиради», — дейилади хабарда.

Душанба куни террористик ташкилотнинг ахборот ресурслари, унинг ортидан эса тармоқларнинг бошқа фойдаланувчилари Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги ҳарбий объектлар ўққа тутилгани ҳақида хабар тарқатишди. Улар бунга далил тариқасида 10 та ракета учирилгани акс этган видеони тақдим этишди. Тасвирлардан ўқ отиш ускунасининг жойлашган жойи ва отиш йўналишини аниқлаш имконсиз.

ИШИДнинг Хуросон бўлими ўқ отишлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

ОАВлар шунингдек, ташкилот байроғи остида ҳужум ижрочиси ва кейинчалик учирилган 10 та ракетани тасвирларини намойиш этилди.

19 апрель куни кечаси Термиз атрофида Ўзбекистон Қуролли Кучлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани ҳақидаги илк хабарлар тарқалди. Ўзбекистон президенти матбуот котиби буни расман рад этди.

«Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Чегара қўшинлари берган маълумотга кўра, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ҳеч қандай ҳарбий фаоллик кузатилмаяпти, вазият барқарор», — дея таъкидлади у.


Айрим афғон ОАВлари ракетадан ўқ отишлар ростдан ҳам бўлганини хабар қилишди. Далиллардан бири сифатида Термизнинг шундоқ қаршисидаги Ҳайратон шаҳридан суратга олинган ва тасвирларда ракета ускунасидан фойдаланилгани акс этган видео келтирилмоқда. Маҳаллий хабарларга кўра, Ўзбекистон қирувчилари таъминан Афғонистон ҳаво ҳудудига кирган ва Мозори-Шариф, Калдар тумани (Балх провинциясининг шимолида) ва Ҳайратон портини назорат қилишди. Термиз туманининг «Айритон» маҳалласида яшайдиган ҳайдовчи ўз шахсини сир сақланиши шарти билан «Газета.uz»га 2−3 кун олдин «самолётларимиз чегара устидан учиб ўтганини» маълум қилди.


Бундан ташқари, 20 апрель куни ижтимоий тармоқларда Ҳайратон ўзбек-афғон чегараси устидан учиб ўтаётган Ўзбекистон вертолётлари видеоси тарқалди. Афғонистон ОАВлари буни юқори лавозимдаги афғон ҳарбий хизматчисидан тасдиқлашди.

«Газета.uz"Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қўшимча ахборот сўраб, мурожаат қилди.