Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 13 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда Ободонлаштириш бош бошқармасига 10 кун муддатда шаҳарнинг асосий кўчаларидаги чуқурларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан топшириқ берди. Чуқурлар, айниқса, март ойида кузатилган кучли ёмғирдан сўнг ҳосил бўлган.

Пойтахтда жами 76 та кўча асосий ҳисобланади, дея маълум қилди ҳокимнинг ахборот технологияларини жорий этиш масалалари бўйича ўринбосари, Рақамли ривожланиш бошқармаси бошлиғи Алексей Хен «Газета.uz»га. Мазкур кўчаларда аллақачон таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Асосий кўчалар рўйхати: Абай, Содиқ Азимов, Амир Темур, Амир Темур майдони, Афросиёб, Аҳмад Дониш, Мухтор Ашрафий, Аэропорт (халқаро аэропорт яқинидаги вокзал кўчалари), Беруний, Бешқайрағоч, Бобур, Боғишамол, Бунёдкор, Бухоро, Буюк Ипак йўли , Буюк Турон, Гавҳар, Дўрмон йўли, Зарафшон, Заргарлик, Зарқайнар, Зиёлилар, Зулфияхоним, Ислом Каримов, Истиқбол, Истиқлол, Қатортол, Катта Хирмонтепа, Кичик халқ йўли, Абдулла Қодирий, Қорасарой, Қорасув, Қоратош, Лабзак, Лутфий, Матбуотчилар, Махтумқули, Мирзо Улуғбек, Миробод, Мовароуннаҳр, Муқимий, Мустақиллик, Муҳаммад Юсуф, Алишер Навоий, Назарбек, Нукус, Нурафшон, Ойбек, Оққўрғон, Олмазор, Олтинтепа, Осиё, Паркент, Юнус Ражабий, Шароф Рашидов, Шота Руставели, Сағбон, Себзор, Султония, Туркистон, Маннон Уйғур, Фарғона йўли, Фаробий, Фарҳод, Фидокор, Фитрат, Фурқат, Чилонзор, Чоштепа, Чўпонота, Шастри, Шаҳрисабз, Тарас Шевченко, Ширин, Шўртепа ва Янги Сергели.


Тошкентнинг асосий кўчалари харитада.

Тошкент шаҳри аҳолиси кўчаларни таъмирлашда ёрдам бериши мумкин, дея қайд этди Рақамли ривожланиш бошқармаси. Бунинг учун чуқурни суратга олиш ва жойлашувини кўрсатган ҳолда XalqNazorati.uz сайти орқали таъмирлаш юзасидан ариза жойлаштириш мумкин. Сурат сифатли бўлиши ва яқин атрофдаги бинолар, муассасалар ва чуқурни тезроқ топишга ёрдам бериши мумкин бўлган бошқа мўлжалларни кўриш мумкин бўлиши муҳим. Қулайлик учун Google Play ва App Store`дан Халқ Назорати иловасини юклаб олиш мумкин.

Аризалар кўриб чиқилади ва тегишли хизматларга йўналтирилади. Улар ишни тамомлагач, чуқур бартараф этилганлиги тўғрисида аризачига хабар беради. Ариза фақат аризачи томонидан ҳал қилинган деб белгиланиши мумкин.

Маҳаллаларнинг ички кўчаларидаги чуқурлар йил давомида «Обод маҳалла» дастури доирасида бартараф этилиши кўзда тутилган.

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев, таъмирлаш ишлари, зарурат туғилган тақдирда, тунги вақтларда ҳам олиб борилиши мумкинлигини таъкидлади. «Прокурордан иш сифати ва маблағлар сарфланишини назорат остига олишни сўраймиз. Бирорта ҳам чуқур қолмаслиги керак. Сифатсиз ишни қабул қилмаймиз», — деди у.