«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти Россиянинг «Газпромбанк"идан 300 миллион доллар миқдорида ажратилган кредит муддатини узайтириш ва жорий мажбуриятларини қайта молиялаштириш мақсадида 2 йил муддатга 57,5 млн доллар қўшимча қарз жалб этади. Бу Молия вазирлигининг Ягона корпоратив ахборот портали маълумотида келтирилган.

Бундан ташқари, «Ўзтрансгаз» айланма маблағларини тўлдириш, хом ашё ва асбоб-ускуналар сотиб олиш ҳамда дастур доирасида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 2 йил муддатга 200 млн доллар эквивалентида «Ўзмиллийбанк»дан кредит олади.

Президентнинг апрелдаги фармони билан «Ўзтрансгаз»га хусусийлаштириш ва трансформация жараёнларини бошқаришнинг алоҳида тизимини жорий этиш топширилганди, бунда кузатув кенгашининг мустақиллиги ва унинг компания бошқаруви устидан назоратини кучайтириш назарда тутилган.

Худди шу фармон билан корхонанинг молиявий ҳисоботини тартибга солиш, табиий газ бўйича кредиторлик ва дебиторлик қарзларини инвентаризациядан ўтказиш ва қисқартириш бўйича топшириқ берилганди. Молиявий ҳисобот эса халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилиши кераклиги таъкидланган (бу талаб президентнинг 2019 йилдаги қарорида ҳам белгиланганди).

2024 йилда «Ўзтрансгаз» халқаро кредит рейтингини олиши ҳамда молиявий интизомни таъминлаган ҳолда халқаро банклар ва бошқалардан маблағларни мустақил равишда жалб қилиши керак.