Президентнинг 8 апрелдаги «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бундай корхоналар томонидан асосий фаолият билан боғлиқ бўлмаган қўшимча фаолиятни амалга оширишга тақиқлар жорий этилмоқда.

Жумладан, президенти ва ҳукумати қарорларида назарда тутилмаган бўлса, асосий фаолиятига хос бўлмаган янги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш ёки қуриш тақиқланади.

Уларга шунингдек, рақобат ривожланган соҳада асосий фаолиятидан ташқари қўшимча фаолият билан шуғулланиш, қолаверса, асосий фаолиятига хос бўлмаган хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиш ёки ундаги улушни сотиб олиш тақиқланмоқда.

Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан асосий фаолиятига хос бўлган янги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш ёки қуриш ҳамда хўжалик жамиятлари устав капиталидаги улушни сотиб олиш, шунингдек, асосий фаолиятидан ташқари қўшимча фаолият билан шуғулланиш кузатув кенгаши қарорига асосан амалга оширилади.

Квазифискал харажатлар устидан назорат

Фармон билан давлат иштирокидаги корхоналарнинг ҳомийликка сарфланадиган ҳар йилги харажатлари ўтган йилда олинган соф фойданинг 3 фоизидан ошмаслиги керак ҳамда бу харажатлар улар бизнес-режасининг ўтган ҳисобот давридаги соф фойдага тааллуқли қисми кўрсаткичлари бажарилганда амалга оширилади (бундан президенти ва ҳукумати қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно).

Давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган тижорат банклари томонидан мулкни бегоналаштириш, уни сотиш шакли ва механизми, давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг таркибидаги корхоналар устав капиталига учинчи шахслар томонидан инвестиция киритиш бўйича келишувлари (битим, шартнома, меморандум ва бошқалар) мажбурий тарзда ушбу корхоналар кузатув кенгаши билан келишилгандан кейин тузилади.

Давлат солиқ хизмати органларига хўжалик жамиятларида давлат улуши бўйича дивидендлар миқдорини белгилашда молиявий натижанинг тўғри шакллантирилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Давлат улуши бўлган корхоналарда бошқарув шартларини чеклаш

Давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари бошқарув органларининг фаолияти самарадорлигини, масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида 1 апрелдан кейин ижро органи раҳбари сифатида тайинланган (қайта тайинланган) шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ ижро органи раҳбари бўлиши мумкин эмас.

1 майдан бошлаб кузатув кенгаши аъзоларидан иборат Стратегия ва инвестициялар қўмитаси, Аудит қўмитаси, Тайинловлар ва ҳақ тўлаш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш ва этика қўмитаси ташкил этилади.

Компания Кузатув кенгаши аъзолари фаолиятини баҳолаш

Кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича сайланган аъзолар фаолияти корхонада трансформация жараёнларини самарали ташкил этиш, корхонанинг ташқи қарзларини оптималлаштириш, замонавий харид тизимини жорий этиш, ушбу фармонда назарда тутилган талабларни бажариш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга муқобил маблағларни жалб этиш каби мезонлар асосида баҳоланади.

1 июлдан бошлаб, давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши аъзоларини рағбатлантириш ва ижро органи аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича ягона рағбатлантириш сиёсати жорий этилади. Бунда, ижро органи аъзоларига ойлик иш ҳақи ва йил якунлари бўйича бир йўла тўланадиган мукофот тўловлардан ташқари ҳар қандай қўшимча тўлов турлари бекор қилинади.

Кузатув кенгашлари ишини бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ назорат қилади.

Бир қатор акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш

Фармон иловасида келтирилган (ҳозирча эълон қилинмаган) акциядорлик жамиятларида трансформация ва хусусийлаштириш жараёнларини самарали ташкил этишга қаратилган махсус бошқарув тизими жорий этилади.

Бунда жамият кузатув кенгашининг Стратегия ва инвестициялар қўмитаси раиси унинг мустақил аъзолари орасидан тайинланади ва мазкур қўмитага корхонанинг трансформация ва хусусийлаштириш жараёнларини доимий бошқариш вазифалари юклатилади.

Жамият ижро органи раҳбарининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилади ва унга бўйсунадиган лойиҳа офиси ташкил этилади.

Ижро органи раҳбарининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосарига ижро органининг барча раҳбар ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар трансформацияга тегишли масалалар бўйича ҳисобдор бўлади.

Жамият ижро органи раҳбарининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари ва лойиҳа офисининг харажатлар сметаси кузатув кенгаши томонидан алоҳида тасдиқланади.

Жамият кузатув кенгаши томонидан ижро органи раҳбарига хусусийлаштириш жараёнларини, шу жумладан, акцияларни оммавий жойлаштиришни (IPO) сифатли ва белгиланган муддатларда амалга оширганлиги учун алоҳида мукофот (мазкур Фармоннинг 16-бандида кўзда тутилган рағбатлантиришдан ташқари) ёки амалга оширмаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланади.