Қозоғистон 15 апрелдан буғдой ва ун экспортига чекловлар жорий этади, дея хабар қилди Zakon.kz нашри.

«Мазкур чора ички бозорда тақчиллик юзага келиши ва ун ишлаб чиқариш корхоналари зўриқишининг олдини олиш учун керак», — деди мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Айдарбек Сапаров.

«2022 йил 1 апрелда Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия 15 апрелдан 15 июнгача буғдой ва ун экспорти учун квоталар жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Буғдой учун квота 1 миллион тонна, ун учун 300 минг тоннани ташкил этади», — деди у.

Аввалроқ Ўзбекистон апрель-июль ойларида Қозоғистондан 100 минг тонна 3-синф буғдойини (бир қисми ун) мақбул нархларда импорт қилишини маълум қилган эди. Ички ва ташқи бозорлардаги вазиятдан келиб чиқиб, яна 500 минг тонна буғдой харид қилиш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон дон ва ун маҳсулотларининг тахминан 90 фоизини Қозоғистондан импорт қилади. 2020 йилда Ўзбекистон томони Қозоғистондан 666,1 млн долларга дон ва ундан тайёрланган маҳсулотлар (ун ва бошқа дон маҳсулотлари) сотиб олган бўлса, 2021 йилда дон маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 648,3 млн долларни (умумий импортнинг 97,9 фоизи), ун эса 92,9 млн долларни ташкил қилди (97,2%).