Ўзгидромет Ўзбекистон бўйича 8−10 апрель кунлари кутиладиган об-ҳаво маълумоти ҳақида хабар берди.

Бугун республика ҳудудининг катта қисмида илиқ ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Қорақалпоғистонда ва кечга томон Бухоро вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шимолда ва чўл ҳудудларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши, чанг тўзон бўлиши мумкин. Шунингдек, шамол тезлиги 23−25 м/с гача кучайиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати куннинг ўртасига келиб, республика бўйича 28−30° ни ташкил этади, бу меъёрдан +8, +10 даражага юқори бўлади.

9 апрелга ўтар кечаси Ўзбекистон ҳудудига Туркманистондан зич булут қатламлари кириб келиши кутилмоқда, бунинг ҳисобига Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кечаси баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида кун давомида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +28, +30 даража атрофида бўлиши сақланиб туради.

Якшанба куни республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида беқарор об-ҳаво кузатилади, баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи ҳарорат +30, +35 даражагача кўтарилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дам олиш кунлари 8−11 апрель кунлари кучли шамол бўлиши кутилаётгани ҳақида ёзган эдик.