Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятида 3,5 млн долларлик мактаб қуриб бергани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўзбекистоннинг ўзида мактаб етишмаётган бир вақтда, қўшни давлатлар қуриб бераётгани танқид ҳам қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан АОКАда бўлиб ўтган халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев муносабат билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон нафақат Қирғизистонда, балки Тожикистонда ҳам мактаб қурган.

«У ерда яшаётган миллатдошларимизга ҳам шароит қилиб бериш нуқтаи назаридан [мактаб қурилди]. Лекин, ўз навбатида, у мамлакатлар ҳам Ўзбекистонда ижтимоий объектларнинг бир нечтасини барпо этган. Худди шу Қирғизистон ҳукумати Риштонда мактабгача таълим муассасасини қуриб берган. Тожикистон Самарқанднинг Ургут туманида 1,5 минг ўринли мактаб барпо қилган. Қаергадир меҳмонга борсангиз, улар қилган нарсага жавоб берасиз. Мен бу ерда ҳеч қанақа ёмон нарса кўрмаяпман. Бу фақат қўшниларнинг ўртасидаги ҳамкорлик», — деди у.

Қўшни давлатларнинг имконияти бўлса, улар ҳам Ўзбекистонда ижтимоий объектлар қуриб бераётгани айтилди.

«Ўзимизда роса муаммолар кўп, лекин у ерга боряпмиз дейиш (ўринли — таҳр.) эмас, бизда ҳам муаммолар ҳал бўляпти. [Мактабларни] кўпайтириш масаласи қўйилган», — деди вазирнинг биринчи ўринбосари.

У, шунингдек, янги мактаблар қуриш ва таълимга бўлган ички эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«У ўқувчи ўрнига эҳтиёж борлигини ҳаммамиз биламиз. 1,2 млн ўқувчи ўрнини яратиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши белгиланган, — дея сўзида давом этди Усмон Шарифхўжаев. — У яқин кунларда имзоланади. Охирги 2−3 йил ичида олдинга нисбатан 3−4 марта кўпроқ мактаб қурилаётганини айтсам, агар кимдир бу ёлғон деса, билмадим… Статистикани кўтариб, таққослаш керак. Давлат 2−3 йил ичида жуда кўп мактаб қуряпти. Лекин 10−15 йиллаб мактаб қурилмаганидан кейин уни етказиб олишни ҳам инобатга олинглар».

Вазир ўринбосари олдин кўпроқ коллеж ва лицейлар қурилганини

«Давлат ҳозир ҳамма ишни тўхтатиб, мактаб қуришга пул берган тақдирда ҳам, (кутилган натижага эришилмайди — таҳр.) жуда кўп пул қурувчига етарли бўлиши керак, барибир ўзининг талаблари бор. Шунинг учун давлат босқичма-босқич бюджетдан [маблағ ажратишни] ошириб бормоқда», — деди ХТВ раҳбари ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 3 апрелида Қирғизистоннинг Боткен вилояти Марғун қишлоғида Ўзбекистон томонидан қуриб битказилган 3,5 млн долларлик 330 ўринли мактаб фойдаланишга топширилди. Қолаверса, Ўзбекистон 5 млн доллар маблағ сарфлаб, Бобур номидаги Ўш академик ўзбек мусиқали драма театрида реконструкция қилиб берди.

2021 йилнинг июнида Ўзбекистон Хатлон вилоятида 250 ўринли замонавий шифохона, Тожикистон эса Самарқанд вилоятида 640 ўқувчига мўлжалланган мактаб қуриб берганди. Шавкат Мирзиёев Тожикистонга ташрифи давомида ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан рамзий тугмани босиб, уларнинг фаолиятига старт берганди.

2022 йил 8 март куни Садир Жапаров Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот чоғида иккита мактаб қурилиши ва Бобур номидаги Ўш академик театри реконструкцияси учун миннатдорчилик билдирди.

2021 йилда собиқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда ўқувчилар сони (6,24 млн) мактабларнинг лойиҳавий қувватидан (5,06 млн) сезиларли даражада ортиб кетгани, вазият шу ҳолда ривожланиб борса, ўртадаги фарқ 2 млнтага етишини маълум қилган эди.