Ўзбекистон томонидан Хатлон вилоятининг Кўбодиён туманида беғараз ёрдам тариқасида тиббиёт мажмуаси, Тожикистон эса Самарқанд вилоятининг Ургут туманида мактаб қуриб берди.

Ўзбекистон президент тожикистонлик ҳамкасби билан бирга, икки вилоятда барпо этилган ижтимоий объектларнинг расман очилиш маросимида қатнашган.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиб, уларнинг фаолиятига старт берди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон бунёд қилган шифохона 250 ўринга мўлжалланган (ҳозирда 200 койка битган, яна 50 та койка қуриляпти) бўлиб, бу ерда йилига 75 минг нафар бемор даволаниш имконига эга.

«Ўзбекистон24» телеканали репортажига кўра, шифохонада жарроҳлик, урология, кўз хасталиклари, интенсив даволаш ва реанимация, педиатрия, травматология, гинекология, ҳомиладорлик патологияси, туғруқдан кейинги тикланиш ва терапия бўлинмалари мавжуд.

Кўбодиён туманидаги тиббиёт мажмуаси бош шифокори Холмурод Ойматовнинг сўзларига кўра, бу ҳудудда замонавий шифохонага жуда катта эҳтиёж бўлган.

«Бу ерни аҳолиси Душанбега, 180−200 км узоқликдаги муассасаларда компьютер томографиясига тушиб келиши керак бўларди. Баъзи беморларимиз борки, узоқ йўлга соғлиги кўтармайди. Бу шифохона нафақат Кўбодиён туманига, балки қўшни ҳудудларга ҳам, 400 мингдан ортиқ аҳолига хизмат қилади», — деди бош шифокор.

Шунингдек, мажмуа таркибидаги поликлиника бир сменада 300 нафар ва бир йилда 219 минг нафардан зиёд беморга хизмат кўрсатишга мўлжалланган.


Томография. Фото: Видеодан лавҳа.

Холмурод Ойматовнинг айтишича, томография ускунаси шифохонадаги энг қимматбаҳо ва йирик туҳфа ҳисобланади. «Бу билан одам организмидаги қарийб ҳамма касалликларга ташҳис қўйилади. Бир кунда 30 тагача беморни текширувдан ўтказиш имконияти бор», — деди у.

Тожикистон томонидан эса Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 640 нафар ўқувчига мўлжалланган 154-умумтаълим мактаби барпо этилди.

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 154-мактаб. Фото: Президент матбуот хизмати.

Мактабнинг уч қаватли биносида 26 та синф, спорт зали, фаоллар зали, ошхона, кутубхона, меҳнат дарслари ва ихтисослаштирилган машғулотлар учун синфлар мавжуд. Ўқув маскани компьютер техникаси ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган.