Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлоу Alter Ego YouTube-лойиҳасига берган интервьюсида Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолатига изоҳ берди ва ҳайдовчилик маданияти масаласига тўхталиб ўтди.

«Менга бу ерда [автомобиль] ҳайдаш ёқмайди. Менга қолса ҳеч қаерда ҳайдамаган бўлар эдим, чунки, аввал айтганимдек, кўпроқ жамоат транспортида юришни яхши кўраман, велосипедда кўп юраман. Лондонда мен ишга велосипедда етиб олардим, шу жумладан, бу узоқ масофа бўлишига қарамасдан энг тезкор усули ҳисобланади. Қолаверса, бу соғлиқ учун ҳам фойдали», — деди у.

Буюк Британия элчиси Тошкентдаги вазиятни яхшилаш учун кўчаларни тўғри лойиҳалаш керак деб ҳисоблайди.

«Кўп нарсалар қилиш мумкин: вариант сифатида — кўчалар дизайни. Дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатида мен икки томонлама қатнов ўртасидаги бурилиб олишларга дуч келмаганман, бу жуда қўрқинчли. Бу шаҳарсозликнинг бир қисмидир. Йўлларни лойиҳалаштиришнинг шундай усуллари борки, сиз бурилиб олиш учун ҳаракат жонланган банд йўлнинг ўртасида тўхташи шарт эмас», — дея таъкидлади Тим Торлоу.

Элчи шунингдек, тезлик чегаралари риоя этишни назорат қилиш ва ҳайдовчиларни тайёрлаш муҳимлигига эътибор қаратди.

«Сиз кўчаларда кўплаб милиция [ходимларини] кўришингиў мумкин, бироқ, мен тезлик чегараларига амал қилинаётганини сезмаяпман. Одамлар жуда тез ҳайдашади, ва бунинг учун санкциялар [жазолар] йўқдек кўринади. Яна бу хавфли ҳайдаш, бу нафақат тез, балки ҳайдаш услубидир. Буни ҳам тўғрилаш мумкин», — деб ҳисоблайди у.

Дипломатик миссия раҳбарининг фикрича, ҳайдовчининг хатти-ҳаракатларига таъсир қиладиган омиллардан бири бу — трафик ҳажмининг ўсиши ҳисобланади.

«Шунда тез ҳайдашнинг имкони бўлмайди. Кўплаб тажовузкор маневрлар қилишга ўтилади, ва бу аллақачон бошланган. Умид қиламанки, бу яхши томонга ўзгаради. Бу содир бўлмаслиги учун ҳеч қандай сабаблар мавжуд эмас», — деди у.

Тим Торлоунинг маълум қилишича, Лондонда шаҳарни лойиҳалаштириш, кўчаларда хавфсизликни таъминлаш ва бошқа жамият муаммоларини ҳал қилишда фуқаролик жамияти жуда муҳим роль ўйнайди.

У Буюк Британияда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича кучли ташкилотлар ишлашини сўзлаб берди.

Тим Торлоу бошланғич мактаб ўқувчиси пайтидаёқ билиб олган илк фуқаролик жамияти ташкилотларидан бири бу — ROSPA Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича Қироллик жамияти ҳисобланади.

«60 йил илгари аварияларнинг олдини олиш бўйича ишлайдиган ташкилот аллақачон бор эди. Улар аниқ чораларни кўришган, мисол учун, мактаб ўқувчилари мактаб биносидан чиқадиган жойда, болалар ўқиш вақтида йўлларни хавфсиз жойлардан кесиб ўтишлари учун ҳаракатни секинлаштирувчи, турли хил усуллардан фойдаланишган, светофорлар ўрнатишган. Маҳаллий ҳокимият ва полиция томонидан жорий етилиши мумкин бўлган амалий чоралар кўрилган. Лекин, улар тўғри қўлланилишини ҳам таъминлаганлар. Ва бунда фуқаролик жамияти жуда муҳим роль ўйнайди», — дея таъкидлади элчи.

Аввалроқ, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг вақтинчалик ишончли вакили Брис Рокфёй ҳам Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида у учун Тошкентда машина ҳайдаш жуда қўрқинчли эканини, «чунки қоидалар умуман йўқлигини» таъкидлаганди.

«Сени ҳам ўнг томондан, ҳам чап томондан айланиб ўтишлари мумкин. Ҳеч ким бурилиш чироқларидан фойдаланмайди. Йўл чизиқларини ҳурмат қилишмайди, яъни чизиқлар бўйлаб юришмайди. Чапга қайрилиб олиш — ҳам қийин», — деди у.