Гиёҳванд моддалар савдосига мўлжалланган рус тилида юритилувчи «Гидра» даркнет платформасининг немис сервер инфратузилмаси тугатилиб, платформа билан боғлиқ ҳисоблардан умумий суммаси 23 млн еврога тенг бўлган 543 биткоинни мусодара қилинди. Бу ҳақда Германия жиноят полицияси хабар қилди.

«Энди платформага киришда «платформа ва жиноий таркиб мусодара қилинди» деган ойна пайдо бўлади, дейилади полиция веб-сайтида.

Даркнетдаги ушбу сайтга кириш имокнияти камида 2015 йилдан бери мавжуд бўлиб, ноқонуний савдо майдончасида харидорларнинг 17 миллионга яқин ва гиёҳванд моддалар сотувчиларининг 19 мингдан ортиқ аккаунтлари қайд этилган. Шунингдек, платформа ҳужжатларни қалбакилаштириш хизматлари ва турли хил ноқонуний рақамли хизматларни ҳам таклиф қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, бу дунёдаги энг кўп товар айланмасига эга бўлган ноқонуний савдо майдончаси бўлган бўлиши мумкин. 2020 йилда «Гидра» орқали сотувлар камида 1,23 миллиард еврони ташкил қилган бўлиши мумкин. Платформа рақамли битимларни яшириб борган, бу эса ўз навбатида криптовалюта транзакцияларини текширишни анча мураккаблаштирган.

Мусодара қилиш операциясидан олдин тергов Германия жиноят полицияси томонидан кибержиноятчиликка қарши кураш Марказий бошқармаси, Франкфурт прокуратураси ва АҚШ тизимлари билан биргаликда 2021 йил августидан буён ўтказилаётган эди.

Даркнет — бу интернет оламидаги қора бозор ҳисобланади. Мунтазам қидирув тизимлари ва мунтазам веб-браузерлар Даркнет саҳифаларини кўра олмайди.