Тожикистоннниг «Холдинг Азия Гурпп Таджикистан» корхонаси 2 апрель кунидан бошлаб Душанбе — Термиз, Душанбе — Денов ҳамда Панжикент — Самарқанд йўналишларида тажриба-синов тариқасида автобус қатновларини амалга оширади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Душанбе — Термиз йўналишада қатнов масофаси 251 км бўлиб, йўналишни босиб ўтишга 5 соат 40 дақиқа вақт сарфланади. Душанбе — Денов йўналиши қатнов масофаси 107 км, йўналишга сарфланадиган вақт 2 соат 25 дақиқани ташкил этади. Панжикент — Самарқанд йўналиши қатнов масофаси 64 км бўлиб, йўналишга сарфланадиган вақт эса 1 соат 25 дақиқани ташкил этади.

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматовнинг «Газета.uz»га берган маълумотига кўра, автобус чипта нархлари қўйидагича:

  • Душанбе — Термиз 150 сомоний (тахминан 11,54 АҚШ доллари);
  • Душанбе — Денов 50 сомоний (3,85 доллар);
  • Панжикент — Самарқанд 40 сомоний (3,08 доллар).

Нархлар бир томонга кўрсатилган. Ўзбекистон шаҳарларида чипталар сомонийнинг сўмга нисбатан курси бўйича сотилади.

Қўшимча маълумотларни «Тошкент» автовокзалининг 71 207−87−00 рақамидан, ёки avtovokzal24.uz веб сайтидан олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Тошкент — Хўжанд ва Қўқон — Хўжанд йўналишларида мунтазам қатновлар амалга ошириб келинмоқда.