28 март куни COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга Moderna вакцинасининг 2 108 400 дозаси етиб келди, деб хабар берди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Ушбу дастур доирасида қабул қилинган дозаларнинг умумий миқдори 19,24 млн дозага етди.

COVAX — бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, GAVI, CEPIvaccines ва ЮНИСЕФни бирлаштирган глобал ташаббусдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистонда фойдаланилаётган вакциналар миқдори 63 578 553 дозага етди.

Улардан:

  • 2 606 080 дозаси AstraZeneca;
  • 41 996 268 дозаси ZF-UZ-VAC2001;
  • 1 341 790 дозаси «Sputnik V»;
  • 10 688 860 дозаси Moderna;
  • 4 626 180 дозаси Pfizer/BioNTech;
  • 1 976 000 дозаси Sinovac;
  • 343 375 дозаси Sputnik Light вакцинасидир.

Шундан 48 миллион дозадан ортиқ вакцина эмлаш жараёнларида қўлланилган. Ҳозирда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши 15 553 825 доза вакцина захираси мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 14 март куни ҳам Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида 1 млн 999,5 минг доза Pfizer/BioNTech вакцинаси келтирилган эди. Бундан ташқари, 2 март куни Ўзбекистонга ушбу дастур доирасида шприц ва уларни хавфсиз утилизация қилиш учун қутилардан иборат умумий қиймати 669 минг АҚШ долларига тенг бўлган юк етиб келганди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев март, июнь ва июль ойларида яна 4 млн доза Pfizer, 7,5 млн доза Moderna вакцинаси олиб келинишини маълум қилганди.