Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев шу йилнинг июль ойига қадар 11 млн дозадан ортиқ вакцина олиб келинишини айтди.

У бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг 23 февралдаги йиғилишида маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Март, июнь ва июль ойларида яна 4 млн доза Pfizer, ундан ташқари 7,5 млн доза Moderna вакцинаси олиб келинади. Ўзимизда Жўрабек корхонаси ўзбек-хитой вакцинасининг 10 млн дозасини ишлаб чиқариб бўлди, у ҳам захирадаги вакцина», — деди Баҳодир Юсупалиев.

СЭС раҳбари ҳозирда 12 ёшгача бўлган болаларни эмлашни ташкил этиш учун тегишли вакцина йўқлигини айтиб, бунинг учун зарур чоралар кўрилаётганини айтди. «Ҳозир Pfizer болалар учун вакцинасини Ўзбекистонга олиб келиш масаласини кўриб чиқаяпмиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатга олиб келинган ва ишлаб чиқарилган 7 та турдаги вакциналар жами 53,7 млн дозага етган, шундан 45,3 млн дозаси ишлатилган. Ҳозирги кунда захирада 18,3 млн доза вакцина мавжуд.

Республикада эмланганлар сони 21,5 млн нафарга етган:

  • Биринчи дозани олганлар — 19,6 млн фуқаро;
  • Иккинчи дозани олганлар — 15,4 млн фуқаро;
  • Бустер дозани олганлар — 10,3 млн фуқаро.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов ўзбекистонлик олимлар коронавирусга қарши тўртта вакцина яратиш устида ишлаётганини маълум қилганди. «Дунёдаги ҳеч қайси вакцинадан нусха олинмаган, алоҳида ўзининг структураси белгиланган вакцина турлари ишлаб чиқиляпти», — деди у.

Шунингдек, йиғилишда 1 мартдан эътиборан Ўзбекистонда ниқоб тақиб юриш мажбурияти талаби бекор қилинди. «Чунки мана вилоятларда ҳам дефакто ҳеч ким ниқоб тақмай қўйди», — деди бош вазир Абдулла Арипов. Қолаверса, жамоат транспорти, бозорлар, таълим муассасалари, театр, музейлар, масжидларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда умумий овқатланиш жойлари ва кўнгилочар объектлар иш вақтига нисбатан чекловлар ҳамда умумий овқатланиш жойлари ва жамоат транспорти ҳаракатланувчи таркиби умумий сиғимидаги ўринларни 50 фоизгача қисқартириш талаби бекор қилинди. Бош вазир Абдулла Арипов мазкур чекловларнинг бекор қилинишини «одатий ҳаёт тарзига қайтишнинг дастлабки қадамларидан бири» деб атади.

Коронавирусга қарши бустер доза олмаган ходимлар ишдан четлаштирилиши хабар қилинди.