Самарқанднинг янги аэропорти 1 апрелдан тўлиқ қувватда ишлай бошлайди ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатади, деб хабар қилди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

«Ҳозир биз аэропорт мажмуасини ишга туширишни якунламоқдамиз, бу ерда божхона ва чегара назорати, йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказиш бўйича янги ечимлар орқали ўтиш ҳажмини ошириш имконини берувчи янги хизмат кўрсатиш технологияси жорий этилган», — дея аниқлик киритди компания раҳбари Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган «Туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш уфқлари» мавзуидаги мулоқот давомида.

Раъно Жўраева Самарқанд аэропорти замонавий ва маълум даражада экспериментал лойиҳа эканлигини таъкидлади.

«Энг қийини, аэропорт фаолиятини тўхтатмай туриб, аэродром ва аэровокзал қуриш эди. Аэродром мажмуаси очилишидан тахминан бир ой олдин парвозлар тўхтатилди», — деди у.

«Ҳар биримизнинг ўз инвестиция дастуримиз бор эди. Давлат ҳамкорининг олдига — аэродром қуриш, хусусий шерикнинг олдига эса — терминал қуриш вазифаси қўйилганди», — дея тушунтирди Uzbekistan Airports раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 18 март куни аэропорт мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги терминал қуриш лойиҳаси Air Maracanda хорижий корхонаси ва Uzbekistan Airports давлат ҳамкори ўртасида Ўзбекистон авиация тарихидаги биринчи давлат-хусусий шериклик келишуви доирасида амалга оширилди.

Янги терминал режалаштирилган рейслар сонини ҳафтасига 40 тадан 120 тагача ошириш имконини беради, перроннинг модернизация қилиниши эса самолётлар тўхташ жойлари сонини 24 тага етказди.