ДХХ ходимлари томонидан Тошкент, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилди, дея хабар қилди ЎзА.

Жумладан, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган фуқаро Мирзаобод туманидаги фермер хўжаликларидан бирига боғдорчилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида ажратилган 32 гектар ер майдонини танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Олтиариқ туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс Фарғона туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган МЧЖга қарашли 2 гектар ер майдонини туман кадастр бўлимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 18 минг АҚШ доллари талаб қилади. У сўралган пулдан 10 минг АҚШ долларини ўзининг жиноий шериги орқали олган вақтида ушланган.

ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг ишчиси ушбу хўжаликнинг 30 сотих ер майдонини тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб, харидор номига ўтказиб бериш эвазига 7 минг доллар олган вақтида ушланди.

Хабарда ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари 40 минг доллар пора билан ушлангани ҳам келтирилган. Унинг 35 гектар ер майдонини сотиш ва ҳужжатларни туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 90 минг доллар сўрагани ҳақида «Газета.uz» аввалроқ Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб хабар қилган эди.