Самарқанд вилоятида 250 минг АҚШ долларига ер сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди. Тезкор тадбир ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Маълум қилинишича, Нуробод туманида яшовчи МЧЖ раҳбари Қ. З. (1994 йилда туғилган) жамият тасарруфидаги 10 гектар лалми ер майдонини 250 минг доллар эвазига маҳаллий фуқарога сотишга келишиб, сўралган пулнинг 100 минг долларини олаётган вақтида ушланди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзгатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Пахтачи туманларида ҳам ер майдонларини ноқонуний сотмоқчи бўлган шахсларни қўлга олингани ҳақида хабар қилинган эди.