Давлат хавфсизик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоятдаги бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бир нечта ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилди, дея хабар қилди ЎзА.

Хусусан, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Миллий гвардия вилоят бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Иштихон туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган М.Х. ва 1980 йилда туғилган Ж.А. фермер хўжалигига тегишли бўлган 8,5 гектар ер майдонини маҳаллий фуқарога 84 млн сўмга сотишга келишиб, келишилган пул маблағларини олаётган вақтда қўлга олинди.

Департамент ходимлари билан ўтказилган яна бир тезкор тадбирда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаролар — 1988 йилда туғилган Р.Х. ва 1972 йилда туғилган Х.Ф. Самарқанд шаҳри ҳудудида ўзларига тегишли бўлган МЧЖга қарашли Хитой технологияси асосида иссиқҳона қуриш учун ажратилган 0,50 гектар суғориладиган ер майдонини маҳаллий фуқарога 60 минг АҚШ долларга сотишга келишиб, келишилган пулдан 20 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Пахтачи туманида яшовчи фуқаролар — 1982 йилда туғилган С.С. ва 1976 йилда туғилган С.Ш. маҳаллий фуқарога совун маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини ташкил қилиш учун ўзларига тегишли фермер хўжалиги ҳудудидан 1,2 гектар ер майдонини 87 минг долларга сотишга келишиб, келишилган пулдан 83 минг долларини олаётган вақтда қўлга олинди.

Ҳозирда бу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилмоқда.