24 март куни БМТ Бош Ассамблеяси қайта тикланган махсус фавқулодда сессиясида «Украинага қарши тажовузнинг гуманитар оқибатлари» резолюциясини қабул қилди. Уни 140 та давлат қўллаб-қувватлади. Беш делегация — Россия, Беларус, Шимолий Корея, Сурия ва Эритрея бунга қарши чиқди, 38 давлат, жумладан, Ўзбекистон бетараф қолди.

Фото: twitter.com/UNGeneva.

БМТ ахборот хизмати хабарига кўра, резолюция Россиядан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилмасликни талаб қилади. Ҳужжат муаллифлари тинч аҳолининг хавфсиз ўтишини, шунингдек, ёрдамга муҳтожларга инсонпарварлик ёрдами етказилишини таъминлашни ҳам талаб қилишди.

Резолюцияда таъкидланишича, Украинадаги шаҳарларнинг, хусусан, Мариуполнинг қамал қилиниши тинч аҳоли учун гуманитар вазиятни янада оғирлаштириб, эвакуация қилиш ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда. Бош Ассамблея Украина шаҳарлари блокадасини тўхтатишга чақирди.

Бош Ассамблея делегатларига кўриб чиқиш учун иккита резолюция лойиҳаси тақдим этилди — улардан бири Украина томонидан тақдим этилган ва 90 та давлат ҳаммуаллифлик қилган, иккинчиси эса Жанубий Африка томонидан илгари сурилган. Жанубий Африка лойиҳаси, бошқа нарсалар қатори, ўт очишни тўхтатиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирди. Аммо у содир бўлаётган воқеаларда Россияни айбламади ва унинг Украинага бостириб киришини қораламади, дея қайд этади БМТ ахборот хизмати.

Украина томонидан таклиф этилган резолюция қабул қилингандан сўнг, Жанубий Африка делегацияси ўз лойиҳасини овозга қўйди. Украинанинг доимий вакили Сергей Кислица ушбу лойиҳа бўйича овоз беришга эътироз билдирди ва унинг чоршанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида Россиядан ташқари фақат битта делегация томонидан қўллаб-қувватланган Россия лойиҳасининг нусхаси эканлигини айтди.

Шундан сўнг Жанубий Африка томонидан тақдим этилган резолюция лойиҳаси бўйича овоз бериш-қўймаслик масаласи овозга қўйилди. 67 делегациянинг 50 таси ёқлаб, 36 таси бетараф овоз берди. Шундай қилиб, иккинчи лойиҳа овоз беришдан олиб ташланди.

Бош Ассамблеянинг Украина бўйича 11-махсус сессиясининг аввалги йиғилиши уч кун — 28 февралдан 2 мартгача давом этган ва 96 давлат ҳамкорлигида «Украинага қарши тажовуз» резолюциясини қабул қилиш билан якунланган эди. Уни 141 давлат қўллаб-қувватлади, 35 давлат бетараф, 5 делегация — Россия, Беларус, Шимолий Корея, Сурия ва Эритрея қарши овоз берди.

Ўзбекистон бу овоз беришда қатнашмади. Ўшанда мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов Тошкентда эди.

Овоз бериш натижасида навбатдан ташқари сессия ёпилмади, унинг иши аъзо давлатлар талабига кўра давом этиш ҳуқуқи билан тўхтатилди. Чоршанба куни айнан шундай бўлди ва учрашув пайшанба куни давом этди.

Навбатдан ташқари сессия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1950 йилдаги «Тинчлик учун бирлик» резолюцияси асосида қабул қилинган қарори асосида ўтказилади. Ушбу тартиб Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларидан қайсидир бирининг, ушбу ҳолда Россиянинг ветосини четлаб ўтишга имкон беради.