2022−2027 йилларда Навоий вилоятининг Кармана тумани ҳамда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича иккита лойиҳа амалга оширилади. Президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни бу ҳақдаги қарорни имзолади.

Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) томонидан 2021 йилда Ўзбекистонга жами 105 млн евро қарз ажратилган. Шунингдек, мазкур агентлик орқали Европа комиссияси томонидан 9 млн евро миқдорида грант ажратилди.

Карманада лойиҳани амалга ошириш қиймати 28 млн евро, Шаҳрисабзда ва Китобда — 91 млн еврони ташкил этмоқда.

Ҳужжат билан лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ҳам тасдиқланди.

ФТА «Газета.uz»га тақдим этган маълумотларга кўра, ушбу учта шаҳарнинг ҳар бирида оқава сувларни марказлаштирилган тозалаш тизимини ташкил этиш, жумладан, уланиш иншоотлари ва коллекторларни ўрнатиш, оқова сувларни тозалаш иншоотларини қуриш ва суғориш учун қайта ишлатишга мос келадиган оқава сувларни чиқариш тизимини ўрнатиш режалаштирилган.

Лойиҳаларнинг мақсади атроф-муҳит ва соғлиқ учун фойдали бўлган, иқлим ўзгаришига мослашган сув ресурсларини интеграциялашган бошқаришга эришишдан иборатдир.

«[Ўзбекистон] ҳукумати аҳоли зич жойлашган кичик шаҳарчаларни пойтахтга ёки хорижга кўчиб кетишга мойил бўлган қишлоқ аҳолиси, шунингдек, туризм ва агробизнес учун янада жозибадор қилиш мақсадини қўйган. Сув ресурсларини комплекс бошқаришни ривожлантириш муносабати билан ҳукумат жамоавий санитария тизимини кенгайтиришда шаҳар оқава сувларини тозалашдан кейин суғориш учун қайта ишлатиш имкониятини кўриб чиқмоқда», — дейилади ФТА хабарида.